Қашқадарёда 21 туп қайрағочни кесган фуқаро жаримага тортилди
Жамият
−
13 Ноябрь 2023
3608Қашқадарё вилояти Китоб туманида фуқаро 21 туп қайрағоч дарахтини ноқонуний кесиб ташлади. Бу ҳақда вилоят экология бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Китоб туман инспекторлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда экологик назорат тадбири ўтказилган.
Унда фуқаро томонидан фермер хўжалиги ер майдони атрофидан 21 туп қайрағоч ҳеч қандай рухсатномаларсиз кесилгани аниқланган.
Ушбу ҳолат юзасидан табиатга етказилган зарар миқдори ҳисобланганида 180 миллион 840 минг сўмни ташкил қилган. Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар туман прокуратурасига тақдим этилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда январь-сентябрь ойларида дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2427 та ҳуқуқбузарлик ҳолати қайд этилган. Ушбу ҳолатларда 714 туп қимматбаҳо навли дарахт ноқонуний кесилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган “Дархон” илмий-тажриба станцияси (Дендропарк) ҳудудида дарахтларни нобуд қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳолатлар аниқланган эди.
Прокуратурага кўра, ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг 198-(Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва 205-(Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси