Қасддан дарахт қуритганлик учун жарима миқдори оширилмоқда
Жамият
−
24 Октябрь
2465Ўзбекистонда дарахтларни атайлаб қуритганлик учун жарима миқдори оширилмоқда. Бу ҳақда бугун, 24 октябрь куни Сенатнинг 59-ялпи мажлисида сенаторлар томонидан маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг муҳофазасини кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.
Қайд этилишича, таклиф этилаётган қонун билан амалдаги 2 та кодекс ва 2 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Жумладан, Жиноят кодексига ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача жарима, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Оғирлаштирувчи ҳолатларда қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси ҳам киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун кўзда тутилган жарималар миқдори икки бараварга оширилмоқда.
Кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ёхуд ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида дарахтларга, буталарга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилиш ҳуқуқбузарликлари учун жавобгарлик белгиланиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 60 бараваридан 75 бараваригача жарима назарда тутилмоқда.
Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузганлик, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик эса 2 бараварга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Экология давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача мансабдор шахсларга эса 20 бараваридан 30 бараваригача жарима белгиланмоқда.
“Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар нормалари ўзаро мувофиқлаштирилиб, ушбу қонунлардаги ов қуроли, шу жумладан балиқ овлаш қуроли билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида тут дарахтини кесган фуқаро 71 миллион сўмдан ортиқ жаримага тортилган эди.