ҚарДУдаги “дарахт қирғини” бўйича 6 масъулга иш очилди
Жамият
−
10 Февраль 2022
3939Қарши давлат университетида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан рад жавоби берилганлигига қарамасдан жами 38 туп дарахт ноқонуний кесилгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолатда табиатга 285 млн сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланган.
Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, Қарши давлат университетининг 6 нафар масъул ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.
Аввалроқ, Андижон вилоятининг Асака туманида 10 га яқин кўп йиллик дарахт кесиб ташлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат оқибатида табиатга 18 млн 360 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 15 январь куни Андижон вилояти перинатал марказида 12 та дарахт кесиб ташланган эди. Бундай топшириқ шахсан вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан берилган. Ҳолат юзасидан вилоят Экология бошқармаси суриштирув бошлаганди, аммо ҳамон жимжитлик ҳукм сурмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Фармон билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилганди.