Қандай қилиб фирибгарлар пластик картангиздан пул ечиб олиши маълум қилинди

Фойдали

image

Ўзбекистон Марказий банки фирибгарлар қандай қилиб масофадан туриб пластик карталардан пул ечиб олишини ва буни қандай олдини олиш кераклигини маълум қилди. Тегишли маълумот кеча, 19 май куни банкнинг Telegram каналида эълон қилинди.

Таъкидланишича, банк картаси устидаги рақамлари, яъни реквизитлар – карта эгасини унификация ва идентификация қилиш ҳамда картанинг амал қилиш муддатини белгилайди. Шунингдек, реквизитлар банк картасини масофавий хизмат кўрсатиш тизимига улаш учун фойдаланилади.

“Банк картасидаги рақамлар бошқа шахсга ошкор бўлиб қолиши хавф туғдирмайди. Аммо бегона шахслар томонидан карта эгасининг рухсатисиз масофавий хизмат кўрсатиш тизимига уланиш учун карта реквизитлари киритилганда, карта эгасининг уяли телефонига СМС-хабарнома хизмати орқали махфий код ёки рақамли хабарнома келади. Агар мазкур хабар (код) бегона шахсга ошкор бўлса, уларда масофадан туриб картадаги маблағни ўзлаштириш имкони туғилади. Яъни карта эгаси маблағини фирибгарларга ўзлаштириш учун шароит яратиб берган бўлади.

Мисол учун, фирибгар ўзини банк ходими ёки турли акциялар ташкилотчиси сифатида телефонда таништириб, картага маълум миқдорда маблағ ўтказиб беришни таклиф қилган ҳолда, банк картаси эгасининг мобиль телефонига келган “тасдиқловчи код”ни сўраши мумкин. Бундай ҳолатда, ушбу кодни уларга зинҳор ошкор қилмаслик керак ҳамда мазкур шахслар ҳақида ички ишлар органларига хабар бериш лозим.

Банк картаси эгасининг мобиль телефонига “СМС-хабарнома” хизмати орқали келган махфий кодни бошқа шахсларга ошкор қилмаслиги банк картасидаги маблағнинг бошқалар томонидан ўзлаштирилиш имконини йўққа чиқаради“, дейилади Марказий банк хабарида.

Шуни эслатиб ўтиш жоиз, пластик картангизда масофавий хизматлардан фойдаланиш учун СМС-хабарномани ўз телефон рақамингиз орқали рўйхатдан ўтказишингиз маслаҳат берилади. Шунда, пластик картангиз билан боғлиқ барча ҳаракатлар маълумоти тегишли рақамингизга СМС орқали келиб туради.

 

Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк Фирибгарлик Пластик карта Банк картаси

Баҳолаганлар

818

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг