Қамоқдаги Имрон Хоннинг бир кўзи деярли кўрмай қолди
Олам
−
16:57 2343 2 дақиқа
Қамоқда сақланаётган Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хон ўнг кўзининг кўриш қобилиятини деярли йўқотди. Бу ҳақда адвокат Салмон Сафдор кеча, 12 февраль куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг айтишича, Хоннинг бир кўзи атиги 15 фоиз кўриш қобилиятини сақлаб қолган. Сафдор шу ҳафта қамоқхонада мижозини кўрган ва унинг соғлиғи бўйича хавотирларини Покистон Олий суди ҳамда бош судьяга етказган. Адвокат Имрон Хонга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишни сўраган. У Имрон Хон билан учрашув вақтида кўзлари ёшланганини, уларни тез-тез артганини айтган.
Имрон Хоннинг ўғли Қосим Хон отасининг аҳволини қамоқдаги бепарволик билан изоҳлади. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида масъулиятни амалдаги ҳокимият ва ҳарбий раҳбарият зиммасига юклаган.
Расмийлар эса аввалроқ Хон жорий йилнинг январь ойида Исломободдаги давлат шифохонасида 20 дақиқалик тиббий кўрикдан ўтганини билдирган. Ахборот вазири Аттауллоҳ Тарар ўша пайтда Хоннинг аҳволи яхши эканини билдирган. Ҳукумат вакиллари собиқ раҳбарга нисбатан қамоқда ёмон муносабат бўлаётгани ҳақидаги даъволарни рад этиб келмоқда. Олий суд Хоннинг қамоқдаги шароитлари бўйича ҳисобот сўраган.
Маълумот учун, Имрон Хон 2018–2022 йилларда Покистон бош вазири бўлган. 2022 йилда ҳукумат ва мамлакатнинг қудратли ҳарбий тузилмаси ўртасидаги зиддиятлар туфайли ишончсизлик вотуми билан лавозимидан четлатилган. 2023 йилдан бери қамоқда сақланмоқда. Ўтган йил охирида у рафиқаси билан бирга коррупция айбловлари билан 17 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Собиқ бош вазирнинг 2023 йил май ойида ҳибсга олиниши мамлакат бўйлаб норозилик намойишларига сабаб бўлган. Айрим ҳудудларда тартибсизликлар юз берган ва юзлаб одамлар қўлга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ишчи гуруҳи Покистоннинг собиқ бош вазири Имрон Хонни зудлик билан қамоқдан озод қилишни талаб қилганди.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси