Қамчибек Ташиевга таҳдид қилган яна бир шахс ушланди
Олам
−
25 Ноябрь
8652Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевга таҳдидли хат йўллаган шахс топилиб, қўлга олинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, тезкор гуруҳ кузатув камераларидан фойдаланиб, гумонланувчини аниқлаган. У аввал икки марта судланган, ҳарбий учувчи бўлиб ишлаган, Афғонистон чегарасида чекланган ҳарбий контингент таркибида хизмат қилиб, жанговар тажриба ва яширин фаолият кўникмаларига эга бўлган Ж.А.С. исмли шахс бўлиб чиққан. Гумонланувчи 1994 йилда Қирғизистон Қуролли кучлари сафида хизмат қилган. У хатда Қамчибек Ташиев ва унинг оиласини ўлдириш билан таҳдид қилган. Ж.А.С. га нисбатан Жиноят кодексининг “Шахснинг хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолда уни ёки яқинларини ўлдиришга тайёргарлик кўриш” моддасига асосан жиноий иш қўзғатилган.
Билдирилишича, Ж.А.С. узоқ вақт давомида жиноятни амалга оширишни режалаштирган ва ўзини ошкор қилмаслик учун тайёрланган. У таҳдидли хатни электрон шаклда ёзиб, “флешка”га юклаган, сўнгра конвертга жойлаб, уни муҳрлаган. Конвертни Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига топшириш учун у бошқа бир фуқаро Б.М.М.дан пул эвазига фойдаланган.
“Ж.А.С. қўлга олиниб, унга тегишли компьютер, хат солинган конверт ва бошқа далиллар мусодара қилинди. Ҳозирда бу жиноятга алоқадор бошқа шахслар ва воқеа сабаблари аниқланмоқда. Шунингдек, унинг хорижий махсус хизматлар ёки бузғунчи кучлар билан алоқадорлиги ўрганилмоқда, аммо тергов манфаатлари сабабли батафсил маълумот ошкор этилмайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон хавфсизлик хизмати ходимлари Қамчибек Ташиевга суиқасд уюштиришда гумонланган шахсни қўлга олгани хабар қилинган эди. Шундан сўнг Ташиев матбуот анжумани ўтказиб, сўнгги 4 йил ичида ўзига 5-6 марта ва мамлакат Президенти Садир Жапаровга 2 марта суиқасд уюштирилганини маълум қилган эди.
LiveБарчаси