Қодиров “лўличилик” деганидан ҳақорат қидираётганларни носоғломга чиқарди

Жамият

image

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 21 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутат, "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров қуйи палата мажлисида бошқа бир халқ вакили Расул Кушербоев билан тортишиб, уни "лўлилик" қилмасликка чақирганди. Бу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Муҳокамалар давом этаётган бир вақтда Алишер Қодиров ўзининг "лўлилик" деганини ҳақоратдек кўрсатишга уринишаётганини айтиб, изоҳ берди.

“Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмад “Чўл шамоллари” асарида “Комил лўлилик қилиб бировга гап бермай бидирлар, Қўзибой эса тўнғиллар эди”, деганда, ёки Ҳамидахон Зиёхонова “Биринчи мактуб” ҳикоясида “Арзанда қиз мактабда ҳам лўлилиги, урушқоқ ва бебошлиги билан ном чиқарди” деган жумлаларни ишлатганда лўли ватандошларимизни ҳақорат қилганмиди? Лўлилар бу асарларни ўқиб, ўзларини камситилгандек ҳис қилганларига жиддий шубҳам бор”, дейди Қодиров.

Қодировга кўра, ҳар бир миллатни ўзига хос сифатлари бўлади. Ўзбекларни “ўзбекчилик” деган сўз билан хос сифатларини айтиш ҳақорат бўлмаганидек, лўлиларни ҳам уларга хос бўлган хусусиятларининг номи “лўличилик”дир.

“Қачондан бошлаб миллий хусусиятлар ҳақорат бўлиб қолди? Бу сўздан миллатчилик ёки миллий камситишни излаш учун жуда қаттиқ ғазабда ёки соғлом ақлдан айрилган бўлиш керак.

Менимча, бир сўздан ҳақорат ясамоқчи бўлаётганларни лўлиларнинг шаъни эмас, Жиноят процессуал кодексида ўтмай қолган “электрон далиллар” туйнуги йўлига қўйилган тўсиқ кўпроқ ташвишга солмоқда.

Мен учун инсон Аллоҳнинг яратган бандаси, олий мавжудотдир, ўзбекми, русми, қозоқми ёки лўли, фарқи йўқ. Инсонни миллатига қараб эмас, тарбиясига қараб муносабатда бўламан. Эътиқодимиз ҳатто ҳайвонларга ҳурмат кўрсатишни талаб қилади.

Лекин, инсонларнинг ичида ҳам айримлар бор дўст бўлгинг келади, гаплашиб тўймайсан, айримларни дўст деб ўйлайсан-у, яқинроқ билиб, виждонсизлигидан қайтиб юзига қарагинг келмайди...”, дейди депутат Алишер Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, депутатлар баҳси фуқароларнинг электрон қурилмаларидаги шахсий маълумотларини олишга имкон берувчи қонун лойиҳаси сабаб юз берган. Мунозара давомида Қодииров Кушербоевга қарата шундай деган:

“Лўличилик қилманг, саҳнага чиқиб олиб. Сиз саволга жавоб бериш учун чиққансиз мен билан “политика” қилишга эмас. Техникмисиз, IT’ни тушунасизми? Электрон маълумот нималигини тушунасизми? Ҳеч нимани тушунмайсиз. Битта саволга ҳам жавоб беролмаяпсиз”.


Мақола муаллифи

Теглар

Расул Кушербоев Алишер Қодиров

Баҳолаганлар

314

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг