Қаҳратон қишда Тошкент вилоятининг кўплаб аҳолиси “свет” ва газсиз қолди
Жамият
−
12 Январь 2023
11854Кеча, 11 январь куни кечқурун Тошкент вилоятининг бир қанча туманларидаги газ қувурларида авариялар содир бўлган.
Хусусан, Бекобод тумани “Қўрғон”, “Ширин”, “Илғор” “Хос” ҳамда “Тақачи” МФЙдан ўтган газ қувурлари ёрилиб авария содир бўлган ва мазкур ҳудудларда газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Шунингдек, тумандаги “Зафар” шаҳарчаси, “Ўзбекистон”, “Улуғбек”, “Дехқонобод”, “Далварзин”, “Авангард” ва “Ойбек” МФЙларида соат 22:30 да газ таъминоти авария туфайли ўчган.
Умумий ҳисобда Бекобод туманидаги 40 та МФЙда жами 16 000 аҳоли хонадонида вақтинча табиий газ таъминоти тўхтатилган.
Аварияларни бартараф этиш учун тезкор штаблар тузилган ва кечқуруннинг ўзида таъмирлаш ишлари олиб борилган.
Бекобод туман ҳокими Ф.Худойбердиев ҳамда сектор раҳбарлари вазиятни ўз назоратларига олган.
“Ҳурматли бекободликлар! “Хос”да аварияни бартараф этиш ишлари 2 соат ичида якунига етиши мумкин. Аммо газ таъминоти тикланмайди. Сабаби “Тақачи”да ҳам авария холати юзага келган. “Бекободгазтаъминоти” ходимлари “Хос”даги аварияни якунлаб, “Тақачи” маҳалласига боради. “Тақачи”даги аварияни таъмирлаш учун 4-5 соат вақт кетиши айтилмоқда. Шундан сўнг “Хос”, “Тақачи” ва бошқа ҳудудларда ҳам газ таъминоти тикланади”, дейилади маҳаллий Telegram каналида.
Шунингдек, фуқаролар газ таъминоти улангач, ис газидан огоҳ бўлишга чақирилган.
“Hududgaz Toshkent” газ таъминоти филиали бугун, 12 январь куни соат 10 га яқин Бекобод туманининг носозлик аниқланган айрим ҳудудларида газ таъминоти қайта тиклангани ҳақида ахборот берди.
"Бекобод туман "Зафар", "Ҳамза", "Деҳқонобод", "Ойбек", "Савҳоз", "Маллабой", "Зиёли", "Ўзбекобод", "Бунёдкор", "Далварзин-1", "Ҳамза" МФЙ ларида табиий газ таъминоти қайта тикланди. Қолган ҳудудларда ҳам босқичма босқич газ таъминоти тикланади", дейилади “Hududgaz Toshkent” газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида ҳам “Халқобод”, “Ҳамзаобод”, “Навбаҳор”, “Маданият”, “Ҳосилдор” МФЙларига йўналтирилган юқори босимли газ қувури ёрилиши натижасида газ сизиб чиқиши (авария) ҳолати юзага келган. Оқибатда юқорида кўрсатилган манзилдаги жами 2680 та хонадонда табиий газ таъминоти вақтинчалик тўхтатилган.
“Ҳозирги пайтда махсус бригадалар томонидан ушбу носозликларни бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Таъмирлаш ишлари қисқа фурсатда (1-1,5 соатда) якунланади. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз”, дея баёнот берди Энергетика вазирлиги.
Мазкур ҳудудларда 11 январь куни газ ўчгандан сўнг, гарчи 2 соатда газ таъминоти тикланиши айтилган бўлсада, Бекобод тумани аҳолиси томонидан бугун, 12 январь куни QALAMPIR.UZ’га етиб келган мурожаатдларга кўра, туманнинг “Ўзбекобод”, “Теракзор”, “Ҳамза”, “Қушчи”, “Оқтепа” каби маҳаллаларида ҳалигача газ йўқ.
Шунингдек, ушбу маҳаллаларда электр энергияси таъминоти билан ҳам муаммолар юзага келмоқда. Аҳоли “свет” ўчиб қолгани учун хонадонларни иситиш имконсиз эканидан шикоят қилмоқда.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қуйичирчиқ туманидаги газ тармоғида ҳам носозлик юзага келган. Натижада “Пахтаобод” ва “Мевазор” МФЙларидаги 910 та хонадонда, “Жумагул”, “Балиқчи”, “Юлдуз”, “Ўжакент”, “Гул”, “Дўстлик-1”, “Тўқбой” ва “Абай” МФЙларидаги 4000 та хонадонда табиий газ таъминоти вақтинча тўхтатилган.
LiveБарчаси