Jalolov va Do'smatov qachon havaskor boksdan ketadi?
Спорт
−
12 Октябрь 2023
9154Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилган Осиё ўйинлари Ўзбекистон учун тарихий натижа билан якунланди. 22 та олтин 18 та кумуш ва 31 та бронза, жами 71 медаль. Ўзбекистон ўз тарихида медаллар сифати ва сони бўйича Осиё ўйинларидаги энг яхши натижасини қайд этди. Айниқса кураш, дзюдо, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, бокс ва бадиий гимнастика каби спорт тури вакиллари ўзларига билдирилган ишончни ортиғи билан оқлади. Мусобақаларда Ўзбекистондан энг кўп олтин медаль кутилган эркаклар бокс терма жамоаси баъзи жабҳаларда хатоликларга йўл қўйди.
Тўлқин Қиличев мураббийлигидаги бокс терма жамоаси 7 та вазнда медаллар учун кураш олиб борди. Ўзбекистонлик ишқибозлар боксчиларнинг ҳар биридан медаль кутди, кутганда ҳам олтин медаль, бироқ охирги йилларда Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам бокс спорт турининг ривожланаётгани, ўзбекистонлик боксчиларга яхшигина рақобат туғдира оладиган спортчиларнинг кўпайиб қолгани мазкур Осиё ўйинларида ўз тасдиғини топди. Эркаклар жамоаси 3 та олтин ва 1 та бронза медаль билан баҳсларни якунлаб, ушбу спорт турида умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди, лекин натижадан жамоа бош мураббийи Тўлқин Қиличев тўлиқ қониқиш ҳосил қилгани йўқ.
Ҳатолар етарлича. Тошкентда ўтказилган Жаҳон чемпионатида юқори натижаларни қайд этган спортчилар Осиё ўйинларида негадир ўзига ўхшамади. Бунинг эса сабаблари бисёр. Мисол учун -63,5 кг да жаҳон чемпиони Руслан Абдуллаев, -71 кг вазнда яна бир жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев ва -92 кг да ЖЧ совриндори Лазизбек Муллажановнинг мусобақани медалсиз якунлаши барибир бокс мутасаддиларини бироз сергакликка чорлаши керак.
-80 кг вазнда иштирок этган ёш боксчи Тўрабек Ҳабибуллаев эса турнирнинг ҳақиқий кашфиёти бўлди, гарчи у ҳакамларнинг баҳсли қарори билан ярим финалда мезбон спортчига имкониятни бой берган бўлса ҳам, ўзбек спорти ишқибозлари ёдида ажойиб боксчи сифатида ёдда қолди.
-51 кг да Ҳасанбой Дўсматов, -57 кг вазнда Абдумалик Халоков ва +92 кг да Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари ғолиби бўлди. 23 ёшли Халоковнинг ҳали ҳаваскор боксда исботлаши керак бўлган натижалари кўп. Халоковдан Париж-2024 Олимпиадасининг ҳам олтин медали кутилмоқда
Гарчи яхши натижаларга эришаётган бўлса ҳам, кўпгина эътирозларга сабаб бўлаётган боксчилар Баҳодир Жалолов ва Ҳасанбой Дўсматов ҳисобланади. Энди уларнинг ҳаваскор боксдаги титуллари сони тўлиқ кўринишга келди. Жалолов ва Дўсматовнинг соврин жамғармасига Осиё ўйинларининг олтин медали етишмаётганди.
Баҳодир Жалолов Ханчжоу Осиё ўйинларининг финал жангида қозоғистонлик азалий рақиби Қамшибек Кўнкабаев билан тўқнаш келди ва жангнинг 3-раундида рақибига устунликни бериб қўйди. Маълум бўлишича, жангдан олдин “Big uzbek”нинг соғлигида муаммолар кузатилган.
Ҳозирча ўзбекистонлик уч нафар боксчи, яъни Осиё ўйинлари ғолиблари Париж Олимпиадаси йўлланмасини нақд қилди. Қолган боксчилар энди шу йил Бусто-Арсициода ўтказиладиган жаҳон лицензион турнирида ва Бангкокдаги мусобақада Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб боради. Ўйлаймизки, боксдагилар Париж Олимпиадасигача оптимал таркибни шакллантиради ва Парижда Токио-2020 сценарийси такрорланмайди.
LiveБарчаси