Jah Khalib концертидаги тартибсизлик вақтида пичоқбозлик бўлгани ростми?
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 2023
8815Шу йилнинг 25 ноябрь куни Тошкентдаги “Ҳумо арена” саройида хонанда Jah Khalib'нинг концерт дастури чоғида томошабинлар орасида келишмовчилик юз берганди. Шундан сўнг, ижтимоий тармоқларда ушбу тартибсизликлар фонида бир нечта фуқаролар жароҳат олгани ва вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида QALAMPIR.UZ Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси билан боғланди.
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни “Ҳумо арена” мажмуасига концертга келган фуқароларнинг концертга киришида тартибсизлик юзага келган эди. Кейинчалик мазкур ҳолат Миллий гвардия ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан назоратга олиниб, оғир оқибатлар содир бўлишининг олди олинган.
“Лекин айрим ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу тартибсизлик жараёнида гўёки бир нечта фуқаролар жароҳат олгани ва вафот этгани ҳақида асосланмаган ва текширилмаган хабарларни тарқатмоқда. Ўтказилган текширув жараёнида ушбу ҳолатда бирорта фуқаро жароҳат олгани ва вафот этгани ҳақида хабар келиб тушмаган. Ижтимоий тармоқ фаолларидан асосланмаган ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликларини сўраб қоламиз”, дейди пойтахт ИИББ ахборот хизмати ходими.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси фуқаролар томонидан концерт дастури учун чиқарилган ўн мингдан ортиқ электрон чипталар сотиб олингани ҳамда "Ҳумо арена" саройига кириш учун ташриф буюрган фуқароларнинг чипталари ходимлар томонидан махсус сканер қурилмаси орқали текширилиб киритилгани маълум қилганди.
Аммо минглаб мухлислар концерт саройига сиғмай қолган. Саройдаги жойлар аллақачон тўлган бўлишига қарамай, ташқарида қолган томошабинларнинг ҳам қўлида чипталари бор эди. Айрим фуқаролар электрон чипталарни ўз манфаати йўлида такроран сотгани аниқланган. Шу сабабли ҳам улар орасида тирбандлик ва норозилик юзага келган.
LiveБарчаси