Ижтимоий сўровнома: Биринчи ўқитувчингизни эслай оласизми?

Жамият

1 октябрь –  Ўқитувчи ва мураббийлар куни. Мазкур байрам муносабати билан QALMAPIR.UZ сўровнома ўтказди. Сўровнома саволи эса қуйидагича: Сиз биринчи ўқитувчингизни эслай оласизми? Мисол учун, менга илк бор ёзишни, карра жадвалини ўргатган муаллимимни эслай оламан. Хўш, сизчи, эслай олдингизми?

“Ҳа, эслай оламан. Охирги маротаба бундан ўн йил олдин кўришган эдим”, дейди йўловчилардан бири.

“Биринчи ўқитувчим онам бўлади. Исми Дилшода Умрзоқова. Охирги маротаба уйимдан келишда, сентябрь ойининг бошида кўришган эдим”, дея эсга олди талаба қиз.

“Ҳа, албатта, эслай оламан. Фақат фамилиялари эсимда йўқ, аммо исмлари Гулнора эди. Бизга биринчи синфда дарс берган. Охирги маротаба кўришганимизга ҳам 20 йилдан ошди”, дея хотирлади сўровнома иштирокчиларидан бири.

Сўровнома жараёнида биринчи ўқитувчисини эслай олмаганлар ҳам бўлди. Аммо кўпчилик гарчи узоқ йилдан бери кўришмаган, суҳбатлашмаган бўлсада, хотирлай олишини, исми ҳамон ёдида эканини айтди.

“Исми Дилором эди. Охирги маротаба кўришганимизга ҳам анча йил бўлди. Биз у пайтда ёш эдик, фақат биринчи ва иккинчи синфда бизга дарс берган эди. Кейин биз бошқа мактабга кўчиб кетганмиз”, дея эслади бошқа бир йўловчи.

“Ҳа, эслай оламан. Устозни эсдан чиқариб бўладими?! Устоз ҳаётдаги муҳим бўлган шахслардан ҳисобланади. Ота-она инсонни ҳаётга келтирса, ҳаёт йўлларини, илмни, дунёни ўргатадиган бу устоз ҳисобланади. Устозим Аннаева Сарвара эди. Охирги маротаба 7-8 йил олдин кўришган эдик”, дейди айни дамда ўзи ҳам олийгоҳда дарс бераётган ўқитувчи.

“Яхши эслай оламан. 299-мактабда ишлаган Лола опа биринчи синфда раҳбарлик қилган. Ширина опа, Шоира опаларни – умуман олганда кўп мураббийларни эслай оламан”, дея ёдга олди гул сотувчиси.

“Жуда ҳам яхши QALAMPIR’дан позитив нарса. Биринчи устозим яхши, меҳрибон ўқитувчи Лутфия опа Қорабоева эди. Энг қизиғи, мисол учун, кимларгадир биринчи синфдан то тўртинчи синфгача ўқитувчилар раҳбарлик қиладиган бўлса, бизга бу устозимиз тўққизинчи синфгача раҳбарлик қилган. Ҳали ҳам ҳаёт. Имконият бўлса уларни бориб кўришга ҳаракат қиляпмиз”, дейди яна бир иштирокчи йигит.

Бу галги сўровнома янада қизиқроқ ва ноодатий бўлиши учун биз мазкур саволлар билан QALAMPIR.UZ ходимларига ҳам микрафон тутдик.

“Ҳа эслай оламан. Исми Алишбоева Муяссар опа эди. Учтепа туманидаги 123-мактабда бошланғич синфдан дарс берган. Улар билан кўришмаймиз, телефонда гаплашмаймиз, лекин ҳалигача соғинаман”, дейди журналист Феруза Нажмиддинова.

“Биринчи устозим Гулойим Матёқубова эди. Охирги марта, адашмасам, 2-3 йил олдин кўришган эдик” дейди мухбир Алибек Бейжанов.

QALMAPIR.UZ мухбири Фирдавс Завқиевнинг айтишича, унинг биринчи ўқитувчиси Ўктам Тоғаев бўлиб, у Сурхондарё вилояти Музработ туманидаги 35-мактабда дарс бериб келмоқда.

“Биринчи ўқитувчимнинг исмлари Ҳожия опа эди. Охирги маротаба икки ҳафта олдин кўришган эдик. Фарзандли бўлганимда келганди”, дейди оператор Иззат Қорабоев.

Сўровномада тилга олинган, шу жумладан, Ўзбекистоннинг барча ўқитувчиларини 1 октябрь –  Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан QALAMPIR.UZ жамоаси самимий қутлаб қолади. Азиз муаллимлар, мураббийлар, байрамингиз муборак бўлсин!


Мақола муаллифи

Теглар

Ўқитувчи 1 октябрь мураббий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг