Истанбулнинг теракт содир этилган Истиқлол кўчасида тақиқлар жорий қилинди
Олам
−
25 Ноябрь 2022
4071Истанбул раҳбарияти 13 ноябрь куни теракт содир бўлган пиёдалар учун мўлжалланган Тақсим майдонига олиб келувчи Истиқлол кўчасида оммавий, маданий, тижорат ва бошқа тадбирлар, кортежлар, шунингдек, кўча мусиқачиларининг чиқишларини ўтказишни тақиқлади. Қарор аҳоли ва сайёҳлар орасида машҳур жойда янги терактларнинг олдини олиш мақсадида қабул қилинган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги сайтида хабар берилди.
“Ҳужжат Истиқлол кўчасида хавфсизлик, осойишталик ва жамоат тартибини сақлашга қаратилган чора-тадбирлар доирасида Истанбул губернатори Али Ерлиқоя томонидан имзоланган”, дейилади шаҳар ҳокимлиги хабарида.
Аввалроқ 1,5 километрлик кўчадан барча дарахтлар ва ўриндиқлар олиб ташланган эди. Бунга эса террорчи портловчи моддани айнан дарахт остидаги ўриндиқ ёнида яшириб қолдиргани сабаб бўлган.
Маълумот учун, Истанбулнинг Истиқлол кўчаси – Тақсим майдони шаҳарнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган диққатга сазовар марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ўзбекистонликларни ҳам кўп учратиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 ноябрь куни тушдан кейин Истанбулнинг Бейўғли туманидаги сайёҳлар гавжум ва машҳур Истиқлол кўчасида кучли портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, портлаш оқибатида олти киши ҳалок бўлган, 80 дан ортиқ киши жароҳатланган.
Жароҳатланганларнинг 50 нафарига шу куннинг ўзида шифокорлар уйга кетишга рухсат берган. 31 киши шифохонага жойлаштирилган. Улардан беш нафарининг аҳволи оғир, 2 нафари ўтар оғир аҳволда. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған воқеада террор изи борлигини айтди.
Теракт содир этилганидан 10 соат ўтиб, терактнинг ижрочиси – араб миллатига мансуб аёл Аҳлам Албашир Истанбул полицияси томонидан қўлга олинди.
Тергов давомида у АҚШдан келган инструкторлар раҳбарлигида террорчилик машғулотларидан ўтганини тан олди.
LiveБарчаси