Туркия Истанбулдаги теракт учун Сурия ва Ироқда қасос олаётгани айтилди
Олам
−
22 Ноябрь 2022
3845Туркия ўз чегаралари яқинида “террорчи давлат” яратиш режасини амалга оширишга йўл қўймайди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу германиялик ҳамкасби Нэнси Фезер билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
Туркия вазири Курдистон ишчилар партияси (КИП) террор ташкилоти ва унинг Сурия ва Ироқдаги бўлинмаларининг қонли жиноятларига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, КИП террорчиларининг қилмишларига сўнгги мисол Истанбулдаги 6 кишининг ҳаётига зомин бўлган теракт, шунингдек, Туркиянинг икки чегарадош вилоятининг ўққа тутилиши бўлган.
“Истанбулнинг Истиқлол кўчасида бегуноҳ одамлар ҳалок бўлди, бугун эса Сурия ҳудудидан террорчиларнинг ўққа тутилиши оқибатида ҳалок бўлган ёш ўқитувчи ва болани дафн қиляпмиз”, дейди Сойлу.
Вазирнинг таъкидлашича, бунга жавобан турк армияси Ироқ ва Сурия шимолидаги террорчилар нишонларига йирик ҳаво зарбалари берган.
“Панжали қилич” операцияси доирасида Сурия ва Ироқда юзлаб террорчилар йўқ қилинди. Шу билан бирга, биз Ғарбнинг яна бир иккиюзламачилигига гувоҳ бўлдик, улар Анқарани қўллаб-қувватлаш ўрнига терроризмга қарши операцияни тўхтатишга чақиришди”, дейди вазир.
Туркия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Германиянинг бу давлатлар қаторида эканлигига эътибор қаратди. Шу муносабат билан у расмий Берлинни холис бўлишга чақирди.
“Сиз Германияда ёки Туркияда бўлсин, террорчилик ҳужумларини уюштирганлар ва ташкилотчиларига тенг муносабатда бўлишингиз керак”, дейди Сойлу Фезерга ишора қилиб.
Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар кеча, 21 ноябрь куни республика Қуролли кучлари Сурия ва Ироқдаги “Панжали қилич” амалиётида икки кун ичида 184 нафар террорчи зарарсизлантирганини маълум қилди. Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг “Панжали қилич” операцияси 50 дан ортиқ самолёт ва 20 та дрон иштирокида амалга оширилди. Ердан ҳаво ёрдами артиллерия томонидан таъминланди. Зарбалар Кирдистон ишчилар партияси (КИП) ва унинг Суриядаги бўлинмаси Туркияда тақиқланган “Халқ ўзини-ўзи мудофаа кучлари”нинг базаларига берилган. Туркия Мудофаа вазирлиги Ироқ шимолидаги Қандил, Асос, Хакурк ҳудудлари билан бир қаторда Сурия шимолидаги Арап-Пинари, Телл Рифат, Жизре ва Дерик ҳудудларида операция муваффақиятли ўтказилганини маълум қилди.
Туркия матбуоти хабарига кўра, Туркиянинг F-16 қирувчи самолётлари 21 ноябрь куни Туркия чегара шаҳарлари Дамашқ томонидан ўққа тутилганидан сўнг Сурия ҳудудларига зарба беришни давом эттирган.
Эслатиб ўтамиз, Америка Қўшма Штатлари маъмурияти Сурияда кескинликни пасайтириш зарурлигини таъкидлаб, Туркиянинг "Панжали қилич" операцияси фонида Ироқда мувофиқлаштирилмаган ҳарбий ҳаракатларга қарши чиқди.
LiveБарчаси