Истанбулдаги ўзбеклар диққатига! 7,5 балли зилзила кутилмоқда
Олам
−
27 Январь 2020
14390Туркиянинг аҳоли энг зич жойлашган шаҳарларидан бири Истанбулда 7,5 балли кучли зилзила кутилмоқда. Бу ҳақда норасмий манбалар эмас, балки мамлакат Ички ишлар вазири Сулаймон Сойлу хабар берди.
24 январь куни Элязиғ вилоятида содир бўлган 6,8 балли зилзила талафотлари ҳақида телевидениеда интервью берган Сойлу “Истанбулда 7,5 балли зилзилани кутяпмиз. Айни вақтда зилзила сценарийси устида ишлаяпмиз, ҳозирлик кўряпмиз”, дейди.
“6,8 балли зилзилани бошдан кечирдик. Ташқаридан қараганда, 6,8 балли ер силкиниши ҳаммамизни қўрқитган зилзила. Шунга қарамай, гап вазиятни бошқариш ҳақида бормоқда. Элязиғда зилзила рўй берган маҳал биз Истанбулда зилзилага тайёргарлик бўйича йиғилишда эдик. Истанбулда 5,8 балли зилзила рўй бергандан кейин биз ҳозирликни бошладик. Айни вақтда зилзила рўй берса, нималар қилишимиз, қайси режа асосида ҳаракатланишимизга доир 28 ишчи гуруҳ тузилган”, дейди Сойлу.
Маълумки, Туркияда бир неча юз минглаб ўзбекистонлик мигрантлар қаолият юритади. Уларнинг аксарияти Истанбулда истиқомат қилади. Жорий йилнинг сентябрь ойида Истанбулда рўй берган 5,8 балли зилзила ва унинг ортидан қайд этилган афтершоклар маҳаллий истанбулликлар ва мигрантларда хавотир уйғотган эди. Ички ишлар вазири Сойлу ана шу ваҳималарнинг олдини олиш учун зилзила сценарийси устида ишлаётганини айтди.
“Ҳар бир ишчи гуруҳнинг ўз раҳбарлари ва тегишли бўлинмалари бор. Биз ҳозиргача уларни кўриб чиқиш ва Истанбулдаги қайси гуруҳ қандай қилиб ҳаракатланишини текшириш учун баҳолаш ишларини олиб боряпмиз. Зилзила рўй берди дейлик. Бу Топкапи саройидаги барча бойликларни ҳимоя қилишдан тортиб, йиғилиш ўтказиладиган жойлардаги фуқароларимизнинг эҳтиёжларига қадар ҳаракатланиш демакдир. Бу эса жуда мураккаб иш”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 январь куни Туркиянинг Элязиғ вилоятида содир бўлган зилзила натижасида 39 киши қурбон бўлди. 103 кишининг даволаниши давом этмоқда. 13 киши оғир аҳволда. Бор-йўғи 45 киши вайроналар остидан соғ-саломат қутқариб қолинган. 76 та бино вайронага айланди. 645 та бино хавфли ҳолатда. 541 та бино ўрта ва оз хавф остида қолмоқда.
Жорий йилнинг 26 сентябрь куни Истанбулда 5,8 балли кучли зилзила қайд этилган эди. Зилзила натижасида Авжилар мавзесида жойлашган масжиднинг минораси қулаб тушди. Шунингдек, кўплаб турар жой бинолари жиддий зарар кўрди.