Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси Туркиядаги фуқароларни огоҳлантирди
Жамият
−
06 Август 2020
16880Жорий йилнинг 4 август куни Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг навбатдаги парвози билан COVID-19 пандемияси даврида кучайтирилган чекловлар сабабли ўз вақтида доимий яшаш жойига қайта олмаган 270 нафар фуқаролар, шу жумладан, 5 вояга етмаган ўзбекистонлик Туркиядан Ўзбекистонга қайтарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.
Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва Бош консулхона томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида тегишли рейс орқали 4 август куни Истанбулдаги шифохоналардан бирида вафот этган фуқаро Р.М.нинг жасадини ҳам Ўзбекистонга юборишга эришилган. Шу билан бирга баъзи йўловчиларнинг белгиланган вақтда келмагани сабабли консуллар томонидан қўшимча 20 кишини мазкур рейсдаги рўйхатга киритишга эришилди. Бунда асосан ҳомиладор, кўп болали ва бемор фуқароларга устуворлик берилди.
Бундан ташқари, рейсга рўйхатдан ўтиш жараёнида йўловчилардан бири билан боғлиқ ноодатий ҳолат юзага келди. Ушбу йўловчи таҳдид ва шантаж қилган ҳолда, аввал сотиб олинган “Турк ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг билети билан учиб кетишга уринди. Янги авибилет сотиб олишни рад этгани сабабли йўловчи учиб кета олмади.
Рейсга рўйхатдан ўтганлар орасида Туркия миграция қонунчилигини бузганлик сабабли қолиб кетганлар кузатилмади.
Шунингдек, ушбу парвозни ташкиллаштириш жараёнида баъзи гуруҳларнинг парвозга навбатсиз қўйишни ваъда қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан товламачилик йўли билан пул ундираётган ҳолатлар бўйича ахборот келиб тушди.
Ўрганишлар натижасида, товламачилар таклиф қилган билетларнинг чартер рейси учун ўтмаслиги аниқланди.
“Юқоридаги баёнлардан келиб чиқиб, муайян тўловлар эвазига Ўзбекистонга юборишни ваъда қилаётган шахслар ва фирибгарлик ҳолатлари бўйича Бош консулхонага маълумот беришингизни сўраб қоламиз.
Шуни алоҳида таъкидлашни истаймизки, Элчихона ва Бош консулхонанинг чартер рейслари учун рўйхатларни шакллантириш бўйича ваколат берилган ҳар қандай “вакиллар”и ёки “ишончли шахслар”и мавжуд эмас”, дейилган мурожаатда.
LiveБарчаси