Иссиқлик таъминотида тарифлар 5 баробар ошириладими?
Жамият
−
31 июл 2095 3 дақиқа
Сўнгги кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳамда фискал таҳлиллар институтининг барча истеъмолчилар учун иссиқлик таъминоти тарифларида субсидиядан манзилли ижтимоий ёрдамга ўтиш ҳақидаги таклифи кенг муҳокама қилинди. Бугун, 31 июль куни ташкилот таклиф этилган ишланмалар институт муаллифларининг илмий тадқиқотлари эканини иддао қилиб, мазкур чоралар давлат органлари томонидан қабул қилиниши шарт эмаслигини билдирди. Бу ҳақда институтнинг Telegram-каналида расмий баёнот эълон қилинди.
Унда айтилишича, институт 30 июль кунги фискал мулоқотда солиқ харажатлари, солиққа тортиш ва субсидияларнинг манзиллилигини ошириш бўйича олиб бораётган тадқиқотлари доирасида ўз таҳлил натижалари билан ўртоқлашган бўлиб, улар таҳлилий материаллар холос.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти айрим хабарларда масала бир томонлама – “тарифлар 5 баробар оширилади” тарзида талқин этилаётганини қайд этган.
Ташкилотга кўра, мазкур таклиф институт ходимлари томонидан амалга оширилган таҳлилий-илмий тадқиқот натижаси бўлиб, “Фискал мулоқот” тадбирида эксперт ва мутахассислар муҳокамаси учун тақдим этилган ғоядир. У ҳеч бир расмий қарор, ҳужжат ёки қонун лойиҳаси мақомига эга эмас ва айни пайтда амалдаги тарифларга ҳамда тўлов тартибига ҳеч қандай ўзгартириш киритилгани йўқ. Фуқаролар учун иссиқлик таъминоти тўловлари аввалгидек давом этмоқда.
Бундан ташқари, таклифнинг моҳияти – тарифни “оммавий ошириш” эмас, балки давлат ёрдамини аниқ манзилга йўналтириш экани айтилган. Унга кўра, ҳозирги тизимда субсидия оила даромади ва мулкий ҳолатидан қатъи назар барчага бир хилда тақдим этилмоқда. Таклиф эса ижтимоий меъёр (уй хўжалигига 60 кв.м ёки ҳар бир рўйхатдаги фуқарога 16 кв.м, яъни оилада аъзолар сони ўртача 4 нафар бўлса, 64 кв.м) доирасидаги истеъмолни имтиёзли тарифда сақлаб қолиб, чинакам муҳтож оилаларга ёрдамни кучайтиришни назарда тутади.
Тадқиқот маълумотларига кўра, бу ёндашувда, масалан, Тошкент шаҳридаги майдони 60 квадрат метргача бўлган квартираларнинг 45,4 фоизи учун тўлов тартиби мутлақо ўзгаришсиз қолади.
Институтнинг қайд этишича, тадқиқотнинг асосий мақсади – давлат ресурсларини аниқ ва адолатли тақсимлаш, ёрдамни энг эҳтиёжманд қатламларга йўналтириш имкониятларини илмий жиҳатдан баҳолашдир. Ўрта муддатли истиқболда муҳтож оилаларга Ижтимоий ҳимоя ягона реестри орқали манзилли пул ёрдами кўрсатиш таклиф этилмоқда. Мазкур таҳлиллар турли эҳтимолий ёндашувларнинг ижобий ва салбий томонларини очиб бериш учун ўтказилади.
Шунингдек, таъкидланишича, институт фаолиятининг моҳияти айнан илмий изланиш ва фикр алмашишдан иборат. Илм-фан очиқ муҳокамалар, турли қарашлар ва фикрлар хилма-хиллиги замирида ривожланади. Ҳар қандай таклиф – бу ечим эмас, балки муҳокама учун очиқ қўйилган масаладир.
“Шу боис жамоатчилик, экспертлар ва манфаатдор томонларнинг билдираётган фикр-мулоҳазаларини биз қадрлаймиз ҳамда бундай мулоқотни соғлом ва табиий жараён деб биламиз. Институт бундан кейин ҳам ўз тадқиқотларини очиқлик, холислик ва фуқаролар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда олиб боришда давом этади”, дейилади расмий муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 24 июль куни имзолаган “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада яхшилашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 140-сонли фармонига кўра, Ўзбекистонда ичимлик суви тарифларини тасдиқлаш ваколати ҳукумат ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилиши ҳамда ҳар йили март ойида “Сувни тежаш ойлиги” ўтказилиши хабар берилганди.
Live
Барчаси