Исроилдан кетаётган рус машҳурлари, қолдирилаётган концертлар. Уруш санъатга қандай таъсир қиляпти?
Маданият-санъат
−
09 Октябрь 2023
10111Исроилда қуролли тўқнашувлар фонида бир нечта концертлар қолдирилди, россиялик санъаткорлар эса мамлакатни тарк этмоқда. Хусусан, Глюкоза тахаллуси билан танилган Россиялик поп-қўшиқчи Наталья Ионова оиласи билан Исроилга етиб келганида Ҳамаснинг ҳужуми бошланди.
Маълумотларга кўра, хонанда Исроилга америкалик машҳур қўшиқчи Бруно Марснинг 7 октябрь оқшомида бўлиб ўтиши керак бўлган концертига келган, аммо мамлакатда нотинчлик бошланган.
Глюкоза ва унинг оиласи Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида 2 кунни ўтказди. Қўшиқчининг сўзларига кўра, 7 октябрь куни улар меҳмонхонага етиб борганда сирена чалинган ва барча махсус бошпаналарга яширинган. Улар 8 октябрь куни ер остидан ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.
“Сирена жиринглади ва ҳамма пастга тушди. Болалар бироз қўрқиб кетишди, лекин умуман олганда ҳаммаси яхши эди”, деган хонанда.
Шунингдек, қўшиқчи ҳозир шаҳарда ҳаммаси жойида эканлиги, ҳаёт ўз маромига тушаётгани, аммо улар қайтишга қарор қилганини айтган.
“Эртага учун билет олдик, бугунга йўқ эди. Албатта, қайтишга қарор қилдик. Шунинг учун биз меҳмонхонадан кофе ичиш учун чиқдик, чунки кеча у ерда узоқ вақт ўтирдик. Кўчаларда ҳамма нарса тинч… Секин-аста ҳаёт ўзгариб кетди, кўчада одамлар сайр қилмоқда”, деган хонанда ижтимоий тармоқда.
Америкалик қўшиқчининг концерти эса бекор қилинган. Шунингдек, маълумотларга кўра, бир нечта россиялик мусиқачиларнинг Исроилдаги концертлари ҳам жанговар ҳаракатлар бошланганидан кейин бирин-кетин бекор қилинган. Хусусан, 28 октябрь куни Тель-Авивда бўлиб ўтиши керак бўлган “ДДТ” гуруҳининг чиқишлари бекор қилинди. Билдирилишича, бу қарорни, жамоа етакчиси Юрий Шевчук қабул қилган.
Аммо гуруҳнинг расмий веб-саҳифасига ҳали концерт санасини ўзгартириш ҳақида ҳеч қандай эълон жойланмаган. Фақат баҳор-ёз ойларида Россия шаҳарларида 2023 йил ўтказилиши режалаштирилган спектаклларнинг “номаълум муддатга” қолдирилиши ҳақида маълумот бор.
Эслатиб ўтамиз, Исроилга кўчиб ўтган қўшиқчи Максим Галкин урушда Исроил томонни қўллаб-қувватлаши ҳақида ижтимоий тармоқда хабар берди ва танқидий изоҳлар остида қолди. Баъзилар Галкин ва унинг рафиқаси Алла Пугачёва аллақачон бошқа давлатга қочиб кетган, деб тахмин қилмоқда.
Шунингдек, ўзбекистонлик актёр ва қизиқчи Мирзабек Холмедов ва таниқли хонанда Хуршид Расулов айни ҳужум вақтида Исроил давлатида бўлган. Ҳозирда уларнинг соғлиги яхшилиги маълум қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь