Исроил яна Қизил ярим ой жамияти қароргоҳига ҳужум қилди
Олам
−
03 Январь
4117Исроил Фаластин Қизил ярим ой жамиятининг Ғазо сектори жанубидаги ёрдам ташкилоти қароргоҳига ҳужум уюштирди. Ташкилот ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида зарбадан сўнг ваҳима ичида қочаётган одамлар тасвирланган видеони эълон қилди.
Хон Юнусга қилинган ҳужумда Қизил ярим ой жамияти биносини бошпана қилган 5 нафар тинч аҳоли, жумладан, бир янги туғилган чақалоқ ҳалок бўлди. Бу 2 январь куни ташкилот қароргоҳига уюштирилган иккинчи ҳужум эди. Уч нафар яраланганлар орасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатган кўнгилли ҳам бор.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Бош директори Тедрос Гебреисус бундан афсусда эканини айтди.
“14 минг киши Ғазо жанубидаги қамал остидаги Хон Юнус шаҳридаги шифохонада бошпана олаётган эди. Уларнинг кўпчилиги ҳозирда кетишди, қолганлар эса ўз хавфсизлигидан жуда қўрқиб, бошпана ва ҳимоя сўраган жойини тарк этишни режалаштирмоқда”, дейди ЖССТ раҳбари.
Гебреисус Ғазо сектори аҳолисини озиқ-овқат, дори-дармон ва сув каби асосий эҳтиёжлар билан таъминлаш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги халқаро чақириқларга қўшилганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида ҳам Хон Юнус шаҳридаги Фаластин Қизил ярим ой жамиятининг қароргоҳи ўққа тутилган, оқибатда бир неча киши яраланганди.