Исроил ва АҚШ тарихни ўзгартирадиган янгиликлар устида ишламоқда – Нетаньяху
Олам
−
28 Июль 2023
9491Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Оқ уйдан АҚШ пойтахтига ташриф буюриш таклифи олганини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, ташриф сентябрь ойида бўлиши мумкин, аммо якуний сана ҳали келишиб олинмаган. Бу ҳақда у Американинг ABC телеканалига берган интервьюсида сўз очди.
"Охирги суҳбатимиз чоғида Президент Байден мени кузда Оқ уйга таклиф қилди. Тахминан сентябр ойида учрашсак керак", деган Бош вазир.
Шунингдек, Нетаньяху ҳозирда Исроил ва АҚШ орасидаги разведка, хавфсизлик ва стратегик масалаларда ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага чиққанини билдирган.
"Мен сизга айта оламанки, биз тарихни ўзгартирадиган янгиликлар устида ишламоқдамиз. Хусусан, биз Эрон агрессиясини тўсишга ҳаракат қиляпмиз. Шунингдек, Саудия Арабистони билан ҳам тинчликка ўтишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу эса тўрт араб давлати (Баҳрайн, Марокаш, БАА, Судан) билан тарихий “Иброҳим келишувлари”га қўшимча тарзда Яқин Шарқни ўзгартирмоқда. Бу эса дунёни ўзгартиради. Биз бурилиш нуқтасида турибмиз”, дейди Исроил Бош вазири.
Нетаньяху Исроил ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларга эътибор қаратар экан, у ҳар қачонгидан ҳам юқори даражага кўтарилганини урғулаган.
"Ишонинг, Қўшма Штатлар бизнинг алмаштириб бўлмайдиган ва ҳаётий иттифоқдошимиз. Бизнинг ундан яхшироқ дўстимиз йўқ. Мен сизга айтишим мумкинки, Қўшма Штатларнинг ҳам нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда Исроилдан яхшироқ дўсти йўқ. У юқори технологиялар оламига кириб борар экан, Исроил технологик ютуқлари давлатларимиз манфаатларига хизмат қилмоқда ва аллақачон кўплаб америкаликларнинг ҳаётини сақлаб қолди”, дея хулоса қилган Нетаньяху.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга борганди. У Қуддусда Нетаньяху билан учрашганидан сўнг, Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслик биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришини билдирган.
LiveБарчаси