Исроил ва ҲАМАС уруш жиноятларида айбдор – БМТ

Олам

image

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил халқаро комиссияси Исроил ва бир қанча Фаластин гуруҳларини уруш жиноятларида айблади. Бу ҳақда бугун, 12 июнь куни тақдим этилган комиссия ҳисоботида сўз боради.

Қайд этилишича, Исроил инсониятга қарши жиноятларни, фаластинликларни йўқ қилиш, ўлдириш, жинсий таъқиб қилиш, мажбуран кўчириш, қийноқлар ва ғайриинсоний ва шафқатсиз муомала қилган.

Комиссия, шунингдек, ҲАМАСнинг 7 октябрь куни қилган ҳаракатлари ва Исроилга қарши давом этаётган ракета ҳужумлари ҳам уруш жинояти сифатида баҳоланганига диққат қаратди. Ҳужжатда ҲАМАС ракета ҳужумларини зудлик билан тўхтатиб, барча гаровга олинганларни озод қилишга чақирилади.

Ҳисоботда таъкидланишича, Ғазода тинч аҳолининг "катта" қурбонлари ва фуқаролик объектлари ва инфратузилмаларининг кенг миқёсда вайрон бўлиши Исроилнинг фарқлаш, мутаносиблик ва эҳтиёткорлик тамойилларини эътиборсиз қолдириб, максимал зарар етказиш ниятида амалга оширган стратегиясининг муқаррар натижасидир. 

Комиссия раиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича собиқ Олий комиссари Нави Пиллэйнинг айтишича, Исроил зудлик билан ўз жанговар ҳаракатларини тўхтатиши, ҲАМАС эса Исроил ҳудудига ракета отишни бас қилиши керак.

Ҳужжат муаллифларига кўра, Тель-Авив комиссиянинг текширувлари ва жанговар ҳудудга киришига тўсқинлик қилган. БМТ матбуот хизмати ушбу ҳисобот 19 июнь куни Женевада бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 56-сессиясида давлатларга тақдим этилишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил армиясини можаро шароитидаги болаларга нисбатан қоидабузарлар рўйхатига киритганди. Бунинг ортидан Исроил БМТга қарши бир қатор чекловлар жорий қилиши мумкинлиги хабар қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг