Исроил БМТга қарши чекловлар киритиши мумкин – FT
Олам
−
12 Июнь
5605Исроил можаро зоналаридаги болаларга зарар етказаётганлар рўйхатига киритилиши ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига қарши бир қатор чекловлар жорий қилиши мумкин. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “Financial Times” газетаси хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Исроил БМТ ходимларининг визаларини узайтиришдан бош тортиши, юқори мартабали амалдорларни бойкот қилиши ва мамлакатда ташкилот томонидан олиб борилаётган барча миссиялар фаолиятини тўхтатиши мумкин. Бу ҳолат Исроил мудофаа кучлари ўтган ҳафта жаҳон ташкилотининг ҳисоботида можаро зоналаридаги болаларга зарар етказаётган давлатлар рўйхатига киритилганидан сўнг юзага келди.
“Муҳокама қилинаётган чекловлар жаҳон ташкилотининг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус координатори Тор Веннесланд фаолиятига таъсир қилиши мумкин”, дея қўшимча қилади FT.
Нашрга кўра, 9 июнь куни Исроил ҳукуматининг йиғилишида БМТга қарши жавоб чоралари кўтарилган ва 10 июнь бу муҳокама Исроил Миллий хавфсизлик кенгашига ўтган. Аммо якуний қарор ҳали қабул қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Ғазо секторидаги БМТ мактабига зарба бергани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси