Гутерриш Исроилни “қора рўйхат”га киритди
Олам
−
07 Июнь
8957БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроил армиясини можаро шароитидаги болаларга нисбатан қоидабузарлар рўйхатига киритди. Бу ҳақда Исроилнинг БМТдаги доимий ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
“Бугун Исроилнинг БМТдаги доимий вакили Гилад Эрдан БМТ Бош котибидан ўз штаб бошлиғи орқали Исроилни можаро пайтида болаларни ҳимоя қилиш бўйича тегишли чоралар кўрмаган давлатлар ва қуролли ташкилотлар рўйхатига киритиш ҳақидаги қарори ҳақида расмий хабарнома олди”, дейилади хабарда.
Айтилишича, БМТ Бош котиби ЦАХАЛни қуролли тўқнашувдаги болалар ҳақидаги ҳисоботга “болаларга нисбатан ҳуқуқбузарликларни содир этувчи томон” сифатида киритишга қарор қилган.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса бунга жавобан Исроил армияси дунёдаги энг ахлоқли армия эканини иддао қилди.
“Исроил армияси дунёдаги энг ахлоқий армиядир ва БМТнинг ҳеч қандай хаёлий резолюцияси буни ўзгартирмайди”, дейди Нетаньяху.
Қайд этилишича, янгиланган “қора рўйхат” келаси ҳафта тақдим этилади. Шунингдек, ушбу рўйхатга ИШИД ва “Ал-Қоида” каби баъзи террор ташкилотлари киритилгани айтилмоқда.
LiveБарчаси