Исроил ва ҲАМАС нималарга келишиб олди?
Олам
−
09:06
4477Исроил ҳукумати ва ҲАМАС раҳбарияти ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда кеча, 15 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида музокараларда воситачи сифатида иштирок этган Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон Ол Соний маълум қилди.
У ҲАМАС ва Исроил келишувга эришганини тасдиқлади. Келишув қуйидагиларни ўз ичига олади:
- У 19 январдан кучга киради ва уч босқични ўз ичига олади.
- Шартноманинг биринчи босқичи 42 кун давом этади. Унда ўт очишни тўхтатиш, асирларни алмашиш, Исроил қўшинларини олиб чиқиш ва ярадор фаластинликларни эвакуация қилиш талаб қилинади.
- Биринчи босқичда кейинги икки босқич тафсилотлари ҳам келишиб олинади.
- ҲАМАС келишувнинг биринчи босқичида 33 нафар исроиллик гаровга олинганларни озод қилади.
- Бунга жавобан ҳар бир Исроил фуқароси учун яҳудий давлати қамоқхоналаридаги 30 фаластинлик маҳбус, ҳар бир аскар учун 50 фаластинлик озод қилиниши керак.
- АҚШ Президенти Жо Байденнинг сўзларига кўра, биринчи босқичда барча америкалик гаровга олинганлар озод қилинади.
- Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар ҳозирги босқичда Ғазога керакли миқдорда инсонпарварлик ёрдами етказилишини, шунингдек, тиббиёт муассасаларини қайта тиклашни ва ҳудудда тураржой биноларини барпо этишни талаб қилмоқда.
- Иккинчи босқичда Исроил қўшинларининг Ғазодан тўлиқ олиб чиқилиши ва урушнинг тугаши эълон қилиниши керак. Айни шу даврда гаровга олинган барча қолганлар, шу жумладан исроиллик эркак аскарлар ҳам озод қилинади.
- Шартноманинг учинчи босқичи анклавни тиклашнинг бошланишини ўз ичига олади.
- Ўт очишни тўхтатиш келишуви барча уч босқичда амал қилади.
- Миср, Қатар ва Қўшма Штатлар ўт очишни тўхтатиш келишувининг барча уч босқичида амалга оширилишини кафолатлайди. Улар Қоҳирада назорат механизмини яратишга келишиб олди.
Исроил Президенти Ицхак Герцог келишувни тўғри ва зарур қадам деб атади. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трампга Ғазодаги ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҲАМАС ҳаракати раҳбари ва ҳаракатнинг музокаралар гуруҳи раҳбари Халил ал-Ҳея анклав аҳолисини келишувга эришилгани билан табриклади, бироқ Исроил билан қарама-қаршилик давом этишига ваъда берди. Шунингдек, у Исроил билан қарама-қаршиликда Фаластин халқини қўллаб-қувватлагани учун Россия, Хитой, Туркия ва бошқа давлатларга миннатдорлик билдирди. ҲАМАС баёнотида келишув Фаластин халқини озод қилиш мақсадларига эришиш йўлидаги муҳим босқич бўлгани қайд этилди.
Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш келишувини маъқуллаш учун Исроил Вазирлар Маҳкамаси йиғилиши бугун, 16 январь куни эрталаб ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, бугун Қоҳирада келишувнинг барча жиҳатлари бўйича амалга оширилишини муҳокама қилиш учун учрашув бўлиб ўтади.
LiveБарчаси
Исроил ва ҲАМАС келишувга эришди.
15 Январь
Эрон Президенти Марказий Осиёга келди.
15 Январь