Исроил Сурия жанубига ҳужум қилди
Олам
−
21 Июль 3457 3 дақиқа
Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг қирувчи самолётлари Сурия жанубидаги Сувайда ва Дараа вилоятлари чегарасида араб қабилавий кучларининг позицияларига ҳужум қилди. Бу ҳақда “Sham” телеканали хабар берди.
Унга кўра, самолётлар қуролли тўқнашувлар остида қолган ҳудудларни қочқинлар тарк этиши учун назорат-ўтказиш пункти ва гуманитар коридор мавжуд бўлган Босра ал-Ҳарир минтақасидаги қуруқликдаги нишонларга ҳужум қилган.
Аввалроқ телеканал хабар беришича, Сурия друзларининг радикал етакчиси Шайх Ҳикмат ал-Ҳажарий тарафдорлари араб жангариларини Сувайда маъмурий маркази шимолидаги Арика ва Ал-Маждал қишлоқларидан ҳайдаб чиқарган. Бунга жавобан маҳаллий бадавийлар қўшни ҳудудлардан қўшимча куч талаб қилган.
Дайр-аз-Зор шаҳридан мамлакат жанубига йўл бўйлаб ҳаракатланаётган араб жангарилари колоннаси Исроил ҳаво ҳужумларига учраган.
Дамашқ билан муносабатларни нормаллаштиришга қарши бўлган Шайх ал-Ҳажарий тарафдорлари аввалроқ гуманитар ёрдам жўнатмасига ҳамроҳлик қилаётган ҳукумат делегациясининг вилоятга киришига тўсқинлик қилган эди.
20 июлга ўтар кечаси Ички ишлар вазирлигининг Араб Республикасининг ўтиш даври ҳукуматидаги вакили Нуриддин ал-Бобо араб қабила бўлинмалари Сувайда шаҳри ва унинг атрофидан бутунлай олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.
Бунгача эса Суриянинг ўтиш даври президенти Аҳмад аш-Шара бутун жанубий провинцияда ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилганини эълон қилган эди.
Суриядаги жанглар
13 июль куни Суриянинг жанубидаги Сувайда вилоятида друзлар ва бадавийлар ўртасида тўқнашувлар бошланди. Можарога бир друз савдогарининг калтакланиб, ўғирлаб кетилиши сабаб бўлди. Бу воқеа зўравонлик авж олишига олиб келди. 14 июль куни Сурия ҳукумати Сувайда шаҳрига қўшин киритди.
Шундан сўнг, можарога Исроил ҳам аралашиб, Дамашқдаги Сурия ҳарбий объектларига ҳаво ҳужумлари уюштирди. 16 июль куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Дамашқдаги Президент саройи, Бош штаб ва Мудофаа вазирлигига ҳужум қилди. Шу куни маҳаллий гуруҳлар воситачилигида Сувайдада яна сулҳга эришилди, бироқ бунга параллел равишда Исроил авиацияси пойтахт ва Дараа шаҳрига зарбалар берди.
Маълумот учун, друзлар ўзига хос араб тилида сўзлашувчи этно-конфессиявий гуруҳ бўлиб, уларнинг вакиллари Сурия, Ливан, Исроил ва Иорданияда яшайди. Сурияда 700 минг друз истиқомат қилади, бу уларни курдлар ва алавийлардан кейин мамлакатдаги учинчи йирик диний ва этник озчилик қилади.
Сурия инсон ҳуқуқлари обсерваториясининг сўнгги маълумотларига кўра, Сувайдадаги зўравонликларда камида 718 киши ҳалок бўлган. Суриялик инсон ҳуқуқлари фаоллари 146 друз жангчиси ва 245 тинч аҳолининг ўлимини қайд этган. Бундан ташқари, Сурия армиясининг 287 аскари ва 18 бадавий жангчиси, шунингдек, уч бадавий ҳалок бўлди. Қароргоҳи Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари марказининг маълум қилишича, Исроил ҳаво ҳужумларида яна 15 нафар суриялик аскар ҳалок бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШнинг Туркиядаги элчиси Том Баррак Исроил ва Сурия АҚШ, Туркия, Иордания ва давлатлар кўмагида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганини маълум қилганди. Сурия муваққат президенти маъмурияти ҳам бутун мамлакат бўйлаб кенг қамровли ўт очишни тўхтатиш режимини эълон қилди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь