Исроил Сурия пойтахтига ҳаводан зарба берди
Олам
−
04 Апрель 2023
8719Исроил кучлари Сурия пойтахти Дамашққа ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда ҳарбий манбаларга таяниб, “SANA” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳужум маҳаллий вақт билан соат 00:15 да содир бўлган. Ўққа тутилиш оқибатида икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган.
Ҳарбийларнинг айтишича, Сурия ҳаво мудофааси ракеталарнинг бир қисмини уриб туширган. Бироқ ҳужум оқибатида моддий зарар етказилган.
Исроил расмийлари ҳозирча ушбу ҳолатга изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Дамашқ ва унинг атрофида Башар Асад режими кучларидан ташқари Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси назоратидаги террорчилик гуруҳлари, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати жангчилари жойлаштирилган. 2011 йилда Сурияда фуқаролар уруши бошланганидан бери Исроил вақти-вақти билан Эрон томонидан қўллаб-қувватланган гуруҳлар жойлашган ҳудудларни, шунингдек, Башар Асад режимининг ҳарбий объектларини ўққа тутиб келади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҳам Исроил томонидан Суриядаги Алеппо халқаро аэропортига иккита ракета зарбаси берилган, бу Исроил кучларининг олти ой ичида ҳаво транспорти объектига учинчи ҳужуми бўлганди. Кейинчалик Дамашққа ҳаво ҳужуми уюштирилган, оқибатда 2 аскар жароҳатланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь