Исроил Рафаҳда одамларни тириклайин ёқиб юборди – Куба Президенти
Олам
−
29 Май
8648Куба Президенти Мигель Диаз Канель қамал остидаги Ғазо сектори жанубида жойлашган Рафаҳ шаҳридаги фаластинликлар лагерига уюштирилган Исроил армиясининг ҳужумини кескин қоралаб, Исроилни Рафаҳда одамларни тириклайин ёқиб юборганликда айблади. Бу ҳақда у X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
Мигель Диаз Канель халқаро ҳамжамиятни Фаластинга қарши давом этаётган қон тўкилишини тўхтатиш учун чора кўришга чақирди.
“Рафаҳдаги вайрон қилинган лагерлар инсониятга қарши қилинган энг катта ваҳшийликдир. Геноцид тўхтатилиши учун яна қанча одам ўлиши керак? Куба Исроилни қоралайди ва Фаластин билан бирдамликни кучайтиришга чақиради", дейди Президент.
Исроил армиясининг Рафаҳдаги Фаластин лагерига уюштирган ҳужумини Куба Ташқи ишлар вазири Бруно Родригес ҳам қоралади. У мазкур ҳужум халқаро гуманитар ҳуқуққа зид эканлигини таъкидлади.
"Юзлаб қочқинларнинг шафқатсизларча оммавий ўлдирилиши Исроилнинг Фаластин халқига қилаётган ишларининг энг ёрқин далилидир", дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил кучлари Рафаҳ шимоли-ғарбидаги Тал ас-Султон ҳудудидаги чодир лагерига ҳужум қилганди. Қочқинлар лагерини бомбалаш оқибатида камида 45 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.
LiveБарчаси