Исроил Президенти Лавровдан кечирим сўрашини талаб қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Исроил Президенти Ицхаак Герцог Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Адольф Гитлерда яҳудий қони борлиги ҳақидаги баёнотини қоралади. Бу ҳақда “Анадолу”агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Исроил раҳбари Лавров Исроил ва яҳудий халқидан кечирим сўрашини ҳамда сўзларидан қайтишини кутяпти.

“Вазиятни тўғирлаш, кечирим сўраш тўғри бўлади — бу жуда муҳим”, деган сиёсатчи.

Исроил Президентининг сўзларига кўра, у Лавровнинг баёнотини бир неча бор ўқиб чиққан ва бу фикр унга тегишли эканига ишонмаган.

“Аввалига мен уларни Россия Ташқи ишлар вазири гапирганига ишонмадим. Мен баёнотдан ғазабландим ва жиркандим”, деган Герцог.

Таъкидланишича, у Россия дипломатияси раҳбарининг баёнотлари икки давлат муносабатларини бузмайди, деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Украина Президенти Владимир Зеленский яҳудий бўлса, уни қандай қилиб “миллатчилик қилиш”да айблаш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Адольф Гитлерда ҳам “яҳудий қони бор эди”, дея жавоб берганди. 

Исроил Ташқи ишлар вазири Россия ҳукуматидан вазирнинг бу сўзлари учун Исроил ва яҳудий халқидан кечирим сўрашни талаб қилди. Россия ТИВ Лапиднинг баёнотларини “тарихга қарши” деб атаган. Улар тарихда яҳудийлар ва нацистлар ўртасидаги ҳамкорлик мисоллари бўлганини эслаган. 

Россия ТИВ Владимир Зеленский 2020 йилда имзолаган “Украинада антисемитизмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун мавжудлигига қарамай, унинг қоидаларига амал қилинмайди, деб ҳисобламоқда.

Бундан ташқари, расмий Москва Исроил “неонацистлар режими” шаклланган ва “антисемитизм гуллаб-яшнаган” Киевни қўллаб-қувватлашда айблаган. 

Франция ҳам Лавровнинг Гитлер ҳақидаги баёнотини беэътибор қолдирмади ва Россиянинг Украинадаги уруши ҳақида тарқатаётган дезинформацияга қарши курашни давом эттиришини қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

312

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг