Лавров Гитлер яҳудий бўлганини иддао қилди. Исроил кескин норозилик билан чиқди
Олам
−
03 Май 2022
15672Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Италиянинг “Mediaset” телекомпаниясига берган интервьюсида, Украина Президенти Владимир Зеленский яҳудий бўлса, уни қандай қилиб “миллатчилик қилиш”да айблаш мумкинлиги ҳақидаги саволга жавобан Адольф Гитлерда ҳам “яҳудий қони бор эди”, дея жавоб берди.
“У (Зеленский) агар у яҳудий бўлса, уларда қандай миллатчилик бўлиши мумкин, деган фактни илгари суради. Мен адашаётган бўлишим мумкин, лекин Гитлерда ҳам яҳудий қони бор эди. Бу мутлақо ҳеч нарсани англатмайди. Доно яҳудий халқининг айтишича, энг ашаддий антисемитлар одатда яҳудийлардир”, деган Лавров.
“Haaretz” нашрининг ёзишича, Исроил Ташқи ишлар вазири Яир Лапид Лавровнинг сўзларига муносабат билдириб, уни “кечирилмас, ғазаблантирувчи ва қўпол тарихий хато” деб атаган.
“Гитлерни яҳудий дейиш яҳудийлар ўзини ўзи ўлдирди, деганга ўхшайди. Нацистлар яҳудийларни қувғин қилишди, фақат нацистлар яҳудий халқини мунтазам равишда йўқ қилишди”, деган вазир.
Лапидга кўра, Исроил Лавровдан кечирим сўрашини кутмоқда ва Россия элчисини ТИВга чақиради.
Россия Ташқи ишлар вазирининг сўзларини бошқа исроиллик сиёсатчилар ва жамоат ташкилотлари, жумладан, Яд ва-Шем” Холокост ёдгорлиги раиси Дани Даян ҳам қоралаб, Лавров “Гитлер яҳудий бўлган” деган мутлақо ёлғон даъво билан қурбонларни жиноятчига айлантирганига эътибор қаратган.