Исроил очлик авж олган Ғазодаги сув қувурларини таъмирламоқда
Олам
−
22 Август 2025 6943 2 дақиқа
Исроил Ғазо шаҳрига бостириб киришга тайёргарлик кўриш билан биргаликда Жанубий Ғазо секторидаги икки сув қувурини таъмирлашни бошлади. Бу ҳақда “Israеl National News” хабар берди.
Қайд этилишича, бу қадам ҳокимиятнинг розилиги билан амалга оширилмоқда. Сиёсий раҳбарият томонидан тасдиқланган лойиҳа доирасида янги линиялар Бани Суҳеила ва Биркат Сайид орқали ўтиб, Жанубий Ғазодаги сув таъминотини оширади. Улар яқинда БАА томонидан Мисрда қурилган сув қувурини тўлдиради. Ҳозиргача ҳудуд аҳолиси асосан қудуқлар ва Исроил электр энергияси билан ишлайдиган шўр сувни чучуклаштириш иншооти орқали сув олган.
Бу инфратузилма Исроил томонидан олиб борилаётган Ғазодаги операциясининг биринчи босқичи доирасида қурилмоқда. Режага кўра, 800 мингдан ортиқ ғазоликлар жанубий сектордаги гуманитар ҳудудларга эвакуация қилинади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, янги сув қувурлари тахминан уч ҳафтада ишга тушади. Агар асирлар масаласида силжиш бўлмаса, шундан сўнг аҳолининг кенг кўламли эвакуацияси бошланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Исроилнинг қарийб икки йилдан буён давом этаётган ҳарбий амалиётлари оқибатида Ғазо секторида шу кунга қадар 62 минг 120 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди.
Ҳудудда очликдан ўлимлар сони тобора ортиб бормоқда, энг кўп талафот болалар орасида кузатилмоқда. Минтақавий ва халқаро манбалар Исроилни “очлик ва чанқоқликни қурол сифатида қўллаётганликда” айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 август куни Исроил армияси (ЦАХАЛ) Ғазо шаҳрига бостириб киришни бошлаганини эълон қилганди. Исроил армиясининг расмий вакили, бригада генерали Эффи Дефринга кўра, армия кучлари аллақачон Ғазо шаҳрининг чекка ҳудудларини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, у шу ҳафта исроилликларга ҳарбий хизматга чақирув бўйича қарийб 60 мингта, шу ойнинг охирида эса яна 20 мингта хат юборилишини тасдиқлаган.
Live
Барчаси