Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига ҳаво ҳужуми уюштирди

Олам

image

Исроил Мудофаа кучлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига ҳаво ҳужуми уюштирди. Бу ҳақда “The Jerusalem Post” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, самолётлар ёрдамида “Нур Шамс” лагеридагилар ҳужумга учраган, оқибатда бир неча жангчи йўқ қилинган. Исроил кучлари терроризмда гумон қилинганларни қўлга олиш мақсадида “Нур Шамс”да рейд ўтказмоқда. Ҳозирда ўн нафар қидирувдаги шахс қўлга олинган.

Қизил Хоч ташкилотига кўра, рейдда саккиз фаластинлик ҳалок бўлган. “The Jerusalem Post” эса ўн нафар исроиллик чегарачи уларга портловчи моддалар отилиши оқибатида жароҳатланганини ёзган.

BBC эса Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилига зарба бериш учун камдан кам ҳолларда самолётлардан фойдаланишини маълум қилган.

Исроил-Фаластин можароси

Жорий йилнинг 7 октябрь куни эрталаб Ғазо секторидан Исроил ҳудудига ракета ҳужуми бошланди. Кейинчалик ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақсо тўфони” ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилди. Исроил Мудофаа кучлари эса бунга жавобан “Темир қиличлар” “аксилтеррор операцияси”ни бошлади.

Шундан сўнг, Бош вазир Биньямин Нетаньяху исроилликларга мурожаат билан чиқиб, мамлакатда содир бўлаётган воқеалар ҳарбий операция эмас, балки тўлақонли уруш эканини айтди.  9 октябрь куни Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилди. У Ғазо секторида электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмаслигини, ҳамма нарса ёпилишини айтди. 

Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги Ал-Ярмук, Ал-Эмин Муҳаммад, Аҳмад Ясин, Муҳаммад Эл-Ҳабиб, Эс-Суси ва Ал-Ғарби масжидларига зарба берди.  Бу орада Америка Қўшма Штатлари Ғазо сектори атрофидаги кескинлик фонида “Эронни жиловлаш учун” Яқин Шарққа қўшимча 20-25 та F-35 ва F-15 қирувчи самолётларини юбориши маълум бўлди. Германия эса Фаластин ҳудудларидаги гуманитар лойиҳалар учун аввал тасдиқланган маблағларни ажратишни тўхтатди.

Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.

Сўнгги маълумотларга кўра, шу вақт ичида Исроилда 1,4 минг, Ғазо секторида 3,7 мингдан ортиқ қурбонлар бор.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Иордан дарёси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг