Исроил ғазоликларни Африкага кўчирмоқчи

Олам

image

Исроил фаластинликларни Ғазодан Жанубий Суданга кўчириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди. 

Музокаралар қай даражада давом этгани номаълум, аммо агар улар амалга оширилса, режалар одамларни ўз уйини ташлаб кетишини англатади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Ғазо аҳолисини кўчириш ғоясини амалга оширишни исташини айтди. Нетаняьху буни “ихтиёрий миграция” деб атамоқда. 

“Менимча, ҳатто мен билган уруш қонунларига кўра ҳам тўғри қарор – аҳолини ҳудудни тарк этишига рухсат бериш ва кейин у ерда қолган душманга бор куч билан ҳужум қилишдир”, дейди Нетаньяху Исроилнинг “i24” телеканалига берган интервьюсида. 

Фаластинликлар, ҳуқуқ гуруҳлари ва халқаро ҳамжамиятнинг аксарияти бу таклифларни халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда мажбуран чиқариб юбориш режаси сифатида рад этмоқда.
Жанубий Судан Ташқи ишлар вазирлиги эса мазкур масала юзасидан баёнот бериб, Исроил билан фаластинликларни кўчириш бўйича музокара олиб бораётгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини билдирди. АҚШ Давлат департаменти вакили эса шахсий дипломатик суҳбатларга изоҳ бермаслигини таъкидлаган.

Накба такрорланиши хавфи

Кўплаб фаластинликлар Исроилни уларнинг давлат тузиш имкониятларини қасддан бузишда айблайди – жумладан, Ғарбий Шериада ноқонуний манзилгоҳлар қурилиши ва Ғазодаги кенг кўламли вайрона учун. Исроил эса бу айбловларни рад этади ва ўзини “экстремист гуруҳлар билан курашяпти”, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, яҳудий давлати Ғарбий Шериада тарихий ва диний ҳуқуқлари борлигини иддао қилади.

Кўчириш – фаластинликлар учун энг оғриқли мавзулардан бири. Улар 1948 йилда юз берган Накба фожиаси – Исроил ташкил топиши ортидан юз минглаб фаластинликлар ўз уйларидан ҳайдалиши – яна бир бор такрорланишидан хавотирда.

Накба воқеаси 75 йилдан ортиқ вақт мобайнида фаластинлик миллий шахсиятини шакллантирган асосий тарихий жараёнлардан бири ҳисобланади ва Исроил билан муносабатларда доимий соя солиб келмоқда.

Фаластин сиёсий ва ижтимоий тадқиқот маркази маълумотларига кўра эса, доимий ҳаво ҳужумлари ва озиқ-овқат, ёнилғи, дори-дармон ҳамда сув етишмовчилиги ортидан, айрим фаластинликлар чиқиш йўлини изламоқда.

“Ғазо аҳолисининг қарийб ярми агар имкони бўлса, ҳудудни тарк этишни истайди”, дейилади 2025 йил май ойида чоп этилган ҳисоботда. 

“Reuters” томонидан ўрганиб чиқилган ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган мунозарали ёрдам гуруҳи номини олган таклифда Фаластин аҳолисини жойлаштириш учун Ғазо ичида ва эҳтимол унинг ташқарисида “Гуманитар транзит ҳудудлари” деб номланган кенг кўламли лагерлар қуриш режаси тасвирланган.

Бироқ ғазолик Абу Самир ал-Фақавийнинг фикри аниқ:

“Мен Ғазони тарк этмайман. Бу – менинг Ватаним.

Бу ерда болаларимиз шаҳид бўлган. Оиламиз, дўстларимиз, қариндошларимиз шу ерда ётибди. Трампга ҳам, Нетаньяхуга ҳам ёқсин-ёқмасин – биз бу ерда қоламиз”.

Алишер Абдумаликхон


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг