Исроил Ғазога зарба берди

Олам

image

Кеча, 5 август куни Исроил армияси Ғазо секторига ҳужум қилди. Бу ҳақда армия Матбуот хизмати хабар берган. 

“Исроил мудофаа кучлари Фаластин “Исломий жиҳод” гуруҳининг террористик нишонларига қарши олиб борилаётган “Тонг” операциясига рухсат беради", дейилади хабарда.

Армия Ғазодаги нишонларга зарба берган. Бугун, 6 август куни соат 20:00 гача сектор атрофидаги 80 километрлик ҳудудда фавқулодда ҳолат амал қилади. Очиқ майдонда ўндан ортиқ ва ёпиқ жойларда 50 дан ортиқ одамни йиғишга йўл қўйилмайди. Таълим фаолияти тақиқланади.

Исроил Бош вазири Яир Лапид ва Мудофаа вазири Бенни Ганц қўшма баёнотда зарбалар Исроил фуқароларига нисбатан ўзига хос таҳдидни бартараф этиш ҳамда “террорчилар ва уларнинг ҳамкорларига” зарар етказишга қаратилганини айтган.

Ўз навбатида, “Исломий жиҳод” гуруҳи Исроил ҳаво ҳужуми натижасида қўмондонлардан бири ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

Бундан ташқари, анклав Соғлиқни сақлаш вазирлиги етти киши ҳалок бўлгани, жумладан, беш ёшли қизчанинг ўлими ҳақида маълумот берган. Шунингдек, ҳужумда 40 киши яраланган.

Фаластиннинг Ғазо секторидаги ҳукмрон ҲАМАС ҳаракати кескинлашувда Исроилни айблаган.

"Исроил Ғазо секторига ҳужум қилиб, янги жиноятга қўл урди. Душман бунинг бадалини тўлаши ва тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак", дейди журналистларга ҳаракат вакили Фаузи Бархум.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

289

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг