Исроил Ғазода 5 минг 379 талабани ўлдирди
Олам
−
27 Февраль
5346Исроил армиясининг 2023 йил 7 октябрдан бери Ғазо секторида уюштирган ҳужумлари оқибатида 5 минг 379 нафар талаба ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда TRT нашри хабар бермоқда.
Фаластин Таълим вазирлигининг ёзма баёнотида, Исроилнинг Ғазо ва Ғарбий Соҳилда бир неча ойдан бери уюштирган ҳужумларида ҳалок бўлган ва яраланган талабалар ҳақида маълумот берилган.
Исроилнинг 144 кундан бери секторни портлатиши сабаб 5 минг 379 талабанинг ҳалок бўлгани, 8 минг 888 талабанинг жароҳатлангани қайд этилган.
Исроил кучларининг 7 октябрдан бери ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда 48 талабани ўлдиргани, 305 талабани яралагани ва 97 нафар талабани қўлга олгани маълум қилинган.
Ғазода 255 нафар ўқитувчи ва тарбиячининг ҳалок бўлгани, 891 нафарининг жароҳатлангани, Ғарбий Соҳилда эса 6 нафар таълим ходимининг яралангани, 73 нафар ходимнинг қўлга олингани билдирилган.
Исроил армиясининг Ғазо секторидаги 351 мактабни бомбалагани ва улардан 65 тасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигига алоқадорлиги таъкидланди.
Шунингдек, Ғазода 40 та мактаб бутунлай вайрон бўлган, 111 таси Исроилнинг бомбардимонлари чоғида жиддий зарар кўрган, ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда эса 57 мактабга рейдлар уюштирилган.
Баёнотда, шунингдек, Ғазо секторида 2023 йил 7 октябрдан бери Исроил ҳужумлари туфайли 620 минг талабанинг таълимдан маҳрум бўлганлиги қайд этилди.
Исроил айни пайтгача 29 минг 878 фаластинликни ўлдиргани айтилмоқда, шундан 12 минг 660 нафари болалар ва 8 минг 570 нафари аёллардир. 70 минг 215 киши эса яраланган, дейилади хабарда.
Сарвар Хуррамов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь