Исроил Бош вазирлигига номзодимни қўйишим мумкин – Трамп
Олам
−
23 Сентябрь
8059Оқ уйнинг собиқ раҳбари, АҚШда жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида Республикачилар партиясидан кўрсатилган номзод Дональд Трамп Исроилда бош вазирликка номзодини қўя олиши эҳтимолдан йироқ эмаслигини билдирди. Бу ҳақда у жорий йилнинг 20 сентябрь куни “Америкада антисемитизмга қарши кураш” тадбирида сўзлаган нутқида маълум қилди.
“Исроилда менинг рейтингим 99 фоизга тенг. Ҳамма мени севади. Бош вазирликка номзодимни қўйишим мумкин, лекин бунинг учун тилингизни ўрганишим керак. Албатта, бу осон иш эмас. Лекин унутманг: мен Исроилдаги энг машҳур одамман!”, деган Трамп.
Трамп Демократик партиядан давлат раҳбари лавозимига номзодга овоз беришни режалаштираётган америкалик яҳудийлар ва АҚШ вице-президенти Камола Ҳарриснинг аждодларини текшириш кераклигини айтган. Республикачи номзодга кўра, агар у сайловда мағлуб бўлса, яҳудий халқи жиддий йўқотишларга дучор бўлади ва Исроил икки йилдан кейин мавжуд бўлмайди.
19 сентябрь куни Трамп Оқ уйда бўлган вақтида Исроил учун кўп иш қилгани, аммо ҳозирда америкалик яҳудийларнинг атиги 24 фоизи сайловларда унга овоз беришга тайёрлигини айтиб ўтган.
Дональд Трамп, шунингдек, агар шу йилги президентлик сайловларида ютқазса, 2028 йилги сайловларда иштирок этмаслигини маълум қилди.
Маълумот учун, 11 сентябрь куни АҚШнинг Филадельфия штатида республикачи Дональд Трамп ва демократ Камола Ҳаррис ўртасида жорий йилнинг 5 ноябрь куни бўлиб ўтиши режалаштирилган мамлакат президентлиги учун сайловдан олдин биринчи теледебат бўлиб ўтди. СNN нашрига кўра, Ҳаррис баҳсда устун келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп демократ рақиби Камола Ҳаррис билан иккинчи теледебатда қатнашишдан бош тортди. Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида Ҳаррисни “жангда мағлуб бўлган боксчи”га қиёслади ва гўёки “реванш жангини хоҳлаётганини” ёзди.