Исроил БМТ органига путур етказиш учун Google рекламаларидан фойдаланганликда айбланди
Олам
−
31 Август
4723Исроил ҳукумати Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва иш билан шуғулланувчи агентлигини (UNRWA) обрўсизлантириш ва хайр-эҳсонларни тўхтатиш учун Google рекламаларини сотиб олганликда айбланмоқда. Бу ҳақда “Анадолу” хабар берди.
Агентлик Бош комиссари Филипп Лазарини Ғазода давом этаётган можаро шароитида Исроил томонидан Х ижтимоий тармоғининг “нотўғри маълумот тарқатиш кампанияси” деб таърифлаганини қоралади.
“Нотўғри маълумот ва дезинформациянинг тарқалиши Ғазодаги урушда қурол сифатида фойдаланишда давом этмоқда”, деган Лазарини.
У Исроил ҳукуматини фойдаланувчиларнинг агентликка хайрия қилишига тўсқинлик қилиш ва UNRWA'га қарши туҳмат кампаниясини олиб бориш мақсадида Google рекламаларини сотиб олишда айблади.
“UNRWA Ғазодаги инқирозга жавоб берадиган энг йирик гуманитар ташкилотдир”, деган у.
Лазаринининг сўзларига кўра, туҳмат кампанияси нафақат агентлик обрўсига путур етказади, балки унинг ходимлари ҳаётини ҳам хавф остига қўяди.
Лазарини нотўғри маълумот тарқатиш бўйича ушбу “қасддан уринишлар”ни тўхтатишга чақирди ва бу борада тергов ўтказиш кераклигини билдирди. У, шунингдек, компанияларни, шу жумладан, ижтимоий медиа платформаларини дезинформацияни тарқатишдан фойда кўраётганликларини танқид қилиб, ушбу амалиётларга қарши курашиш учун кучлироқ қоидалар зарурлигини айтди.
Маълумот учун, Исроил узоқ вақтдан бери фаластинлик қочқинларнинг асосий эҳтиёжларини қондириш учун махсус ваколат берилган БМТнинг ягона агентлиги бўлган UNRWA ни ёпишни талаб қилмоқда. 1949 йилда БМТ резолюцияси билан ташкил этилган UNRWA Иордания, Сурия, Ливан, босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги қочқинларга ёрдам ва ҳимоя билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги учун маблағ йиғиш бўйича йиллик конференциясида агентлик ва унинг ходимларини қўллаб-қувватлашга чақирганди.
LiveБарчаси