Исроил армияси ҲАМАСга қарши юз кунлик уруш ҳисоботини эълон қилди
Олам
−
15 Январь
64632023 йил 7 октябрдан бери Исроил армияси тўққиз мингдан ортиқ жангчиларни, жумладан, иккита ҲАМАС бригадаси қўмондони ва 19 та батальон етакчиларини йўқ қилди ва Ғазо секторидаги 30 мингга яқин нишонга ҳужум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари матбуот хизмати томонидан урушнинг дастлабки 100 куни якунлари бўйича ҳисоботида айтилди.
Қайд этилишича, ҳарбий амалиётлар бошланганидан бери Ғазодан Исроилга тўққиз мингга яқин ракета ва снарядлар отилган. 7 октябрдан бери Исроил армияси ушбу зонадаги ҲАМАСнинг 3400 та ҳарбий объектига ҳужум қилган. Ҳарбий разведка Ғазо секторида терроризмда гумон қилинган 2300 га яқин фаластинликни сўроқ қилиб, улардан баъзиларини ҳибсга олган.
Ҳарбийлар, шунингдек, Ғазо секторига гуманитар ёрдам олиб кетаётган 7653 юк машинаси Исроил назоратидан ўтгани, 138 минг тоннага яқин юк эса Фаластин анклавига етказилганини маълум қилди.
Можаро бошланганидан бери Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" ҳаракатининг 170 га яқин позициясига ҳужум қилиниб, 170 дан ортиқ жангчи ўлдирилган. Бу даврда Ливандан Исроилга икки мингга яқин, Суриядан яна 30 га яқин ракета учирилган.
Қайд этилишича, 7 октябрдан буён Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида қидирувдаги 2600 дан ортиқ фаластинлик, жумладан, 1300 дан ортиқ ҲАМАС тарафдори қўлга олинган. Ҳисоботда Ғарбий Соҳилда 100 кун ичида камида 40 та кенг кўламли рейдлар уюштирилгани, жумладан хавфли ҳисобланган 14 нафар фаластинликнинг уй-жойлари вайрон қилингани айтиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 январь куни Ғазода вафот этганлар 23 мингдан ошгани ҳақида хабар берган эдик.