Исроил 3 мингта гуманитар ёрдам юк машинасини Ғазога киритмаяпти
Олам
−
02 Июнь 3522 2 дақиқа
Исроил блокада остидаги Ғазо секторига йўл олган қарийб 3 мингта гуманитар ёрдам юк машинасининг киришига тўсқинлик қилмоқда. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош директори Мунир Ал-Бурш маълум қилди.
Бурш ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилинган баёнотида АҚШнинг ёрдами билан Исроил минтақада “геноцид” амалга ошираётганини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, Ғазодаги шифохоналар дори-дармон ва тиббий воситаларнинг етишмаслиги сабабли аянчли ҳолатга тушиб қолган.
“Айни пайтда Ариш шаҳрида (Миср) турган 3 мингта тиббий ёрдам юк машинаси Исроил томонидан қўйилаётган тўсиқлар сабаб Ғазо секторига кира олмаяпти”, деган Бурш.
Унинг сўзларига кўра, дори-дармон ва вакциналарнинг минтақага киритилишига тўсқинлик қилиниши оқибатида юқумли касалликлар ва эпидемиялар кенг тарқалган. Ғазода ўткир диарея ва менингит каби касалликлар авж олган, шунингдек, аҳолининг 90 фоизи тоза ичимлик сувига эга эмас, сув тақчиллиги инқирози янада чуқурлашмоқда.
Бурш Исроил томонидан яқинда жорий этилган “янги ёрдам тақсимоти механизми”ни кескин танқид қилган ва бу тизимни “оммавий қирғин ва мажбурий миграция воситаси” деб атаган. У, шунингдек, ёрдам олишга интилаётган тинч аҳоли вакилларига қарши амалга оширилаётган мунтазам ҳужумлар бу сиёсатнинг қатъийлигини тасдиқлашини айтган.
Маълумот учун, Ғазодаги вазият ҳалигача ёмон аҳволда. 27 май кунидан бери Исроил армияси ёрдам тарқатиш пунктларида 49 нафар фаластинликни ўлдирган ва 305 кишини яралаган. Фақатгина 1 июнь куни Рафаҳ ва Ғазо марказий ҳудудида уюштирилган ҳужумлар оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, 250 нафардан ортиғи яраланган. Бу бошқа кунларга нисбатан камроқ зарар эканлиги айтилади. Қолаверса, ҲАМАС ва Исроил ўртасида ҳам тинчлик овози ҳали янграганича йўқ. АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф томонидан берилган таклиф ҳалигача ҲАМАС столида қолмоқда. Тарқалган маълумотларга кўра, Исроил бу таклифни қабул қилган, аммо ҲАМАС қўшимча шартлар қўйган. АҚШ томони эса ушбу шартларни қабул қилиб бўлмаслигини билдирган.