АҚШнинг кетидан Исроил ҳам БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқди
Олам
−
06 Февраль
2462Исроил кеча, 5 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши таркибидан чиқди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар ўзининг Х саҳифасида маълум қилди.
“Кенгаш анъанавий равишда инсон ҳуқуқларини бузувчиларни ҳимоя қилиб, уларга назоратдан яширишга имкон беради ва бунинг ўрнига Яқин Шарқдаги ягона демократияни – Исроилни васвасага солади. Ушбу орган асосий эътиборни инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш ўрнига демократик давлатга ҳужум қилиш ва антисемитизмни тарғиб қилишга қаратган”, дея ёзган Саар.
Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг сўзларига кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Исроил ягона давлат бўлиб, унинг кун тартиби фақат унга бағишланган. Унинг таъкидлашича, бу орган Исроилни қораловчи 100 дан ортиқ резолюцияларни қабул қилган, бу кенгаш томонидан қабул қилинган резолюциялар умумий сонининг 20 фоиздан ортиғини ташкил этади. Бу Эрон, Куба, Шимолий Корея ва Венесуэлага нисбатан қабул қилинганидан кўп.
Маълумот ўрнида, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 47 давлатдан иборат бўлган ҳукуматлараро орган ҳисобланади. У 2006 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан инсон ҳуқуқларини бутун дунёда ҳимоя қилиш ва ҳурмат қилишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган. 2018 йилда Оқ уй раҳбари Дональд Трамп АҚШни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидан чиқарганида кенгаш 2006 йилдан бери 70 дан ортиқ Исроилга қарши резолюция қабул қилган, бу Эрон бўйича қабул қилинган резолюциялар сонидан 10 баравар кўп экани айтилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатни БМТнинг “антиамерикан” ташкилотларидан чиқариш тўғрисида фармон имзолаганди. БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва Фаластин қочқинларига ёрдам бериш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) шулар жумласидан. Трампнинг баёнотида таъкидланишича, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши ўзининг асосий мақсадини бажармаган ва инсон ҳуқуқларини бузаётган давлатларни ҳимоя қилиш воситасига айланган.
LiveБарчаси