Трамп Зеленскийга нафрати туфайли Украинага қатъий шартлар қўйди – “Times”
Олам
−
28 Март
11044АҚШ Президенти Дональд Трамп Украина етакчиси Владимир Зеленскийга нисбатан “нафрати” туфайли Украина билан фойдали қазилмалар бўйича келишувга қатъий шартлар қўйди. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, Трамп Украинанинг заифлигига амин ва Жо Байденнинг аввалги маъмурияти Киев расмийларини қўллаб-қувватлаш учун катта маблағ сарфлаганидан ғазабда. Нашрнинг ёзишича, келишувни Вашингтон таклиф қилган вариантда имзолаш Киев учун шармандалик бўлади.
Кеча, 27 март куни “The Daily Telegraph” нашри битимнинг сўнгги варианти АҚШ қўшма инвестиция жамғармаси орқали Украина нефть ва газ захираларининг ярми, унинг металлари ва инфратузилмасининг катта қисми, жумладан, темирйўллар, портлар, қувурлар ва қайта ишлаш заводларини назорат қилишини назарда тутиши ҳақида хабар берди.
Қайд этилишича, жамғарма кузатув кенгашининг уч нафар аъзоси Қўшма Штатлар томонидан тайинланади. Бундан ташқари, Украина АҚШ томонига ҳарбий ёрдам учун компенсация сифатида камида 100 миллиард доллар тўламагунча, АҚШ барча роялтилар (табиий ресурслардан фойдаланганлик учун даврий компенсация, одатда пул)ни олади ва унга 4 фоиз устама қўшилади. Украина қарзни тўлагандан кейингина 50 фоиз роялти олишни бошлайди.
Нашрнинг қўшимча қилишича, янги жамғарма АҚШнинг Делавэр штатида рўйхатдан ўтказилади, бироқ Нью-Йорк юрисдикциясида фаолият юритади. Битим шартларига кўра, АҚШ Украина ресурсларини учинчи давлатларга сотишни тақиқлаш ҳуқуқига эга бўлади ва Украинанинг ҳар қандай идораси ҳисобларини текшириш имкониятига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия Украина билан сулҳ битимини имзолашни атайлаб кечиктираётганини айтганди.
LiveБарчаси