Испаниядаги тошқин қурбонлари 100 га яқинлашди
Олам
−
31 Октябрь
1844Испаниянинг Валенсия автоном ҳамжамиятида бир кун ичида бир йиллик миқдордаги ёғингарчилик ёғиши оқибатида сув тошқинлари юзага келди. Ушбу офат оқибатида қурбон бўлганлар сони 95 кишига етди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди
Маҳаллий метеорологларга кўра, жорий йилнинг 29 октябрь куни Валенсиянинг айрим қисмларида саккиз соат ичида бир йиллик ёғингарчилик ёққан. Бу эса автомагистралларда тўқнашувларга ва Испания етакчи глобал экспортчи ҳисобланадиган цитрус меваларининг учдан икки қисми етиштириладиган ҳудудни сув босишига сабаб бўлган.
Ушбу сув тошқини 2021 йил Германияда 185 киши ҳалок бўлган офатдан кейин Европадаги энг фалокатлиси ҳисобланмоқда. Шунингдек, бу замонавий Испания тарихидаги энг ёмони, чунки бунгача энг ҳалокатли ҳисобланган 1996 йилдаги Пиреней тоғларининг Бьескас шаҳри яқинидаги сув тошқини қурбонлари сони 87 киши атрофида бўлган.
Бундан ташқари, 1957 йил Валенсия шаҳрида сув тошқини оқибатида ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Бу шаҳар марказида тошқинларнинг олдини олиш учун Турия дарёсининг янги оқимини қуришга олиб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ушбу тўфон оқибатида қурбон бўлганлар сони 51 кишига етгани ва зарар 10 миллиард евродан ошгани хабар қилинган эди.