Испанияда сув тошқини қурбонлари ортмоқда
Олам
−
30 Октябрь
2716Испанияда кучли ёмғир ёғиши оқибатида йўллар ва шаҳарларни сув босди. Бу ҳақда “ABC” хабар берди.
“Дана” тўфони Испаниянинг жануби-шарқида тошқинларни келтириб чиқарди. Валенсияда 51 киши ҳалок бўлган.
“Ўлганларни қидириш давом этмоқда, мутахассислар жасадларни аниқлашга киришди”, дейилади ягона операцион мувофиқлаштириш маркази баёнотида.
Хабарга кўра, Валенсияда баъзи йўллар сув босгани туфайли ёпиб қўйилган. Электр ва алоқа узилишлари мавжуд. Табиий офат оқибатида ичида 300 киши бўлган тезюрар поезд рельсдан чиқиб кетган. Поезд ичидаги йўловчилар орасида жароҳат олган ва вафот этганлар йўқ.
Зарар кўрган ҳудудларга мингдан ортиқ ҳарбийлар юборилган. Маҳаллий ҳокимият одамларга қутқарувчиларнинг ишини мураккаблаштирмаслик учун уйда қолишни тавсия қилди.
Баъзи ҳисоб-китобларга кўра, зарар 10 миллиард евродан ошган, сув тошқинлари давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 29 октябрь куни Испания жануби-шарқида кучли жала оқибатида йўллар ва шаҳарлар сув остида қолди. Сув тошқинларидан зарар кўрган ҳудудларда бир неча киши ҳалок бўлганди. Испания Давлат метеорология агентлиги Валенсиянинг шарқий қисмида қизил хавф даражасини эълон қилган. Радио ва телеканалларга сув босган ҳудудларда қолиб кетган ёки яқинларини излаётган фуқаролардан ёрдам сўраб юзлаб қўнғироқлар келган, чунки фавқулодда хизматлар барча аҳоли пунктларига етиб бора олмаган.
Муҳаммад Ҳодиев