Ислом Каримовнинг ёрдамчиси 89 ёшида вафот этди
Жамият
−
06 Июнь 2022
23130Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ёрдамчиси Георгий Алексеевич Крайнов жорий йилнинг 4 июнь куни вафот этди. Бу ҳақда Ислом Каримов илмий-маърифий мажмуаси сайтида хабар қилинди.
Хабарда марҳум Крайновга “атоқли давлат арбоби” дея таъриф берилган.
Георгий Крайнов 1933 йил 21 ноябрда Андижон шаҳрида туғилган. Андижон давлат педагогика институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини “Андижанская правда” газетасида бошлаган. Мусаҳҳиҳ, муҳаррир, масъул котиб, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаган.
1976 йилда Крайнов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг тарғибот ва ташвиқот бўлимининг газета ва журналлар сектори мудири лавозимида ишлаган.
Орадан бир йил ўтиб, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети биринчи котибининг ёрдамчиси этиб тайинланди. У Шароф Рашидов билан ҳам узоқ йиллар бирга ишлаган.
Георгий Крайнов Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ энг масъулиятли лавозимларни – Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулхонаси бош маслаҳатчиси лавозимларини эгаллади. Уни сафдошлари ҳурмат қилган, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов юксак қадрлаган. Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий бўлими протокол сектори мудири лавозимида ишлаб келган.
2018 йилдан то умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида етакчи илмий ходим бўлиб ишлаган.
У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари, “Содиқ хизматлари учун” медаллари билан тақдирланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь