Иситиш мавсуми: Тошкентликлар совуқни қандай енгяпти?
Таҳлил
−
27 Октябрь 787 2 дақиқа
Уй совуқ. Радиаторлар муздек. Аҳоли иситиш тизими ёқилишини кутяпти. Ташқарида ҳаво ҳарорати пасаймоқда, аммо марказий иситиш ҳали ишга тушмаган. Хўш, аҳоли шу вақт ичида уйини қандай иситмоқда? Qalampir.uz шу савол билан Тошкент аҳолисига мурожаат қилди.
“Кўп қаватли уйлардан бирида тураман. Ҳали-бери иситиш тизими ёқилмайди. Уйларимиз бетон, невараларимиз бор, қийналяпмиз. Иложи йўқ, харажат кўп бўлса ҳам, кондиционер ва электр иситгичлардан фойдаланяпмиз”, дейди ёши катта йўловчилардан бири.
“Баъзида электр энергияси учун пул топа олмаяпмиз. Аммо иложимиз йўқ, уйни иситмасак бўлмайди. Ҳали-бери иситиш тизими ёқилмас экан. Тезроқ ёқилса, яхши бўларди”, дея гапини умид билан якунлади аёллардан бири.“Кўп қаватли уйларнинг шунақа томони бор. Ҳовлида яшасангиз, газ ёқиб иситиш мумкин. Кўп қаватли уйда эса барибир қийин. Иситиш тизими ёқилишини кутамиз”, дея сабр қилаётганини билдирди яна бир аёл. Тошкентда иситиш мавсумини бошлаш учун кетма-кет беш кун давомида ҳаво ҳарорати +8 даражадан паст бўлиши керак.
Электр иситгич ёки кондиционердан фойдаланиш аҳоли учун электр энергиясига қўшимча пул сарфлаш дегани. Бунинг устига, 2026 йил 1 июндан электр энергияси тарифлари ҳам оширилган. Демак, марказий иситиш ёқилгунча электр иситгичлардан фойдаланаётган айрим оилаларни ой охирида каттароқ ҳисоб-китоб кутиши мумкин.
Қўшимчасига, иссиқ сув ва марказий иситиш хизматлари нархи ҳам шу йил ноябрь ойидан 30 фоизга оширилиши белгиланган. Яъни уйлар ҳали исимаган бўлса-да, иссиқлик учун тўловлар нархи ошиб бормоқда.
Харажатлардан ташқари, бунинг хавфсизлик жиҳати ҳам бор. Электр иситгични қаровсиз қолдириш, устини ёпиш ёки парда ва бошқа ёнувчи буюмлар яқинига қўйиш ёнғин хавфини оширади. Демак, аҳоли нафақат уйни иситиш, балки буни хавфсиз ва имкон қадар кам харажат билан амалга ошириш ҳақида ҳам ўйлашга мажбур.
Ҳовлида истиқомат қиладиган аҳоли эса уйларини газ қозонлари орқали иситишни аллақачон бошлаган. Бундан ташқари, табиий газ тарифлари ҳам 2026 йил 1 июндан янгиланган. Аҳоли учун базавий меъёр доирасида бир куб метр газ нархи 1 100 сўмни ташкил этади. Белгиланган меъёрдан ортиқ истеъмол эса юқорироқ тарифларда ҳисобланади. Шундай экан, совуқ кунларда газ сарфининг ортиши оилалар харажатларига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Батафсил YouTube платформасида томоша қилишингиз мумкин.
Мухлиса Холматова
Live
Барчаси27 Октябрь