Иш ташлашнинг қонуний тартиби белгиланди

Жамият

image

Ўзбекистонда иш ташлашни амалга оширишнинг қонуний тартиблари белгиланди. Бу ҳақда бугун, 11 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг 1150-сон қонуни билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Ушбу ҳужжат билан Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, агар яраштириш таомиллари орқали жамоавий меҳнат низосини ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, меҳнат жамоаси иш ташлаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Иш ташлашда қатнашиш ихтиёрий. Ҳеч ким иш ташлашда қатнашишга ёки унда қатнашмасликка мажбур қилиниши мумкин эмас.

Иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ташкилот ходимларининг умумий йиғилишида қатнашаётган ходимларнинг 50 фоизидан кўпроғи ёқлаб берган овози билан қабул қилинади. Қарор қабул қилиш иш ташлаш бошланишидан камида 1 ой олдин амалга оширилади.

Хужжатга кўра, Касаба уюшмаси қўмитаси иш ташлашни эълон қилиш тўғрисидаги қарор ҳақида иш берувчини қарор қабул қилинган пайтдан 1 иш кунидан кечиктирмай ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Бунда иш берувчи бўлажак иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида ёзма хабарномани олган пайтдан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай жамоавий меҳнат низоларини тартибга солиш бўйича давлат органларини ёзма равишда огоҳлантиради.

Иш ташлаш пайтида ходимнинг иш жойи сақланиб қолади

Қонун билан киритилган ўзгартиришларга кўра, иш ташлашга касаба уюшмаси қўмитасининг ваколатли вакили раҳбарлик қилади. Ходимнинг иш ташлаш билан боғлиқ жараёнда иштирок этгани уни интизомий жавобгарликка тортиш учун асос сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Белгиланган тартиьга кўра, иш ташлаш пайтида унда иштирок этадиган ходимнинг иш жойи ва лавозими сақланиб қолади. Иш берувчи ходимга у иш ташлашда қатнашган вақтида иш ҳақини тўламаслик ҳуқуқига эга.

Иш ташлаш инсонларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш реал хавфини келтириб чиқарса, тинчлик ва хавфсизликка, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига, экологик барқарорликка таҳдид солса, суднинг қарорига асосан:

  • эълон қилинган иш ташлашнинг бошланиш вақти 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирилиши;
  • иш ташлаш 30 календарь кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.


Иш ташлашдаги тақиқлар

Фавқулодда ҳолат ёки фавқулодда вазиятлар пайтида, уруш ҳолатида, умумий сафарбарлик эълон қилинган даврда иш ташлаш тақиқланади.

Қонундаги тартибга кўра, иш ташлашда қуйидагиларнинг қатнашиши мумкин эмас ҳамда улар иштирокидаги иш ташлаш тақиқланган ҳисобланади:

  • тиббиёт ходимлари;
  • давлат органининг ваколатларини амалга ошириш учун Давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган шахслар;
  • ҳарбий хизматчилар, судьялар, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг махсус (ҳарбий) унвонларга ёки мартаба (малака, мансаб) даражаларига эга ходимлари;
  • энергия ва сув таъминоти тизими ташкилотлари ходимлари;
  • алоқа тизими ходимлари.


Билдирилишича, агар Меҳнат кодекси ва бошқа қонунларда назарда тутилган талабларни бузган ҳолда иш ташлаш амалга оширилган ёки иш ташлашни эълон қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, бу ноқонуний иш ташлаш деб топилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Меҳнат кодекси Иш ташлаш қонуний тартиб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг