“Исёнкор мазмун”даги китоблар сабаб 5 нафар китоб сотувчиси қўлга олинди
Олам
−
16 июл 4975 2 дақиқа
Гонконг миллий хавфсизлик полицияси “исёнкор ниятдаги ҳаракатларни содир этиш”да гумон қилиниб, беш нафар китоб сотувчини ҳибсга олди. Бу ҳақда Гонконг ҳукумати хабар қилди.
Полиция маълумотига кўра, божхона хизмати чет элдан Гонконгга юборилган юк орасида “исёнкор мазмун”га эга болаларга мўлжалланган китоблар аниқлангани ҳақида хабар берган. Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Коулун туманидаги Монгкок ҳудудида жойлашган икки китоб дўконида тинтув ўтказиб, ёши 37 ва 57 да бўлган икки эркак ҳамда 30–59 ёш оралиғидаги уч нафар аёлни қўлга олган.
Тергов маълумотларига кўра, ушбу шахслар “исёнкор мазмун”га эга нашрларни намойиш этган ва сотганликда гумон қилинмоқда. Полиция дўконлардан бир қанча китобларни мусодара қилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу нашрлар Гонконг ҳукумати, суд ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга нисбатан нафрат уйғотишга ундаганини билдирган.
2020 йилда Пекин Гонконгда миллий хавфсизлик тўғрисидаги кенг қамровли қонунни жорий этганидан кейин шаҳардаги мустақил китоб дўконлари сони кескин камайган. Илгари улар асосий дўконларда учрамайдиган сиёсий ва ижтимоий мавзуларга оид китобларни сотиш, шунингдек, китоб тақдимотлари ва муҳокамаларини ўтказиш орқали фуқаролик жамияти учун муҳим майдонлардан бири ҳисобланган.
“South China Morning Post” газетаси ҳибсга олинганлар “Have a Nice Stay” ва “Greenfield Bookstore” китоб дўконлари билан боғлиқ эканини ёзган. “Have a Nice Stay” дўкони эса 30 август куни ёпилишини, бунга молиявий йўқотишлар ҳамда қайси китоблар муаммоли деб баҳоланиши мумкинлигига оид “ноаниқ қизил чизиқ” сабаб бўлганини маълум қилган.
Тайвань Президенти Лай Циндэ Facebook саҳифасида ҳар бир мустақил китоб дўкони эркин фикрни ҳимоя қилиш учун муҳим макон эканини таъкидлаган.
“Биз оғир шароитларда ҳам ўз ўрнини сақлаб қолаётган барча китоб дўконлари ва маданият ходимларига ҳурмат ва қўллаб-қувватлашимизни билдирамиз. Сиёсий босим туфайли фикр ва ёзув қамалмаслиги керак”, деган у.
Human Rights Watch ташкилотининг Хитой бўйича тадқиқотчиси Ялқун Улуйўл эса демократик давлатларни Гонконг ҳокимиятини ушбу китоб сотувчиларни озод қилишга чақиришга ундаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Тайвань АҚШ ёрдамида мустақилликка эриша олмаслигини айтган эди.
Live
Барчаси