Инвестор учун энг катта кафолат – мустақил ва тез ишлайдиган суд – Фахриддин Илёсов

Жамият

image

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини босқичма-босқич камайтириш зарур. Агар бир бозорда давлат компанияси ва хусусий бизнес рақобатлашаётган бўлса, улар учун шартлар тенг бўлиши шарт. Суд тизимида бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш зарур. Инвестор учун энг катта кафолат – имтиёз эмас, мустақил ва тез ишлайдиган суд тизими. Бу каби фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳар йили август ойида анъанавий равишда тадбиркорлар билан учрашуви олдидан QALAMPIR.UZ’нинг навбатдаги суҳбатдоши Фахриддин Илёсов томонидан янгради.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Россия ва Европа бозорларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган “Ilyasov” кластери айнан иккинчи маъмурият давридаги ўзгаришлар, имкониятлар фонида ташкил этилган.

Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши аъзоси кўп йиллик тажрибага эга тадбиркор Фахриддин Илёсов билан мулоқотимиз давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви, бизнес муҳитидаги ўзгаришлар, кутилмалар, муаммолар ечими, ислоҳотларнинг тадбиркорлар фаолиятига таъсири, дунёдаги янги трендлар ва хавфлар ҳақида бўлди.

Тадбиркорнинг овози эшитиляпти

Охирги ўн йилда ҳамма нарса ўзгарди. Давлатни таний бошладик, унинг кайфиятини ўргана олдик. Яқинлашдик! Давлатнинг ҳам бизга, тадбиркорларга бўлган муносабати ўзгарди. Илгари тадбиркор кўпроқ назорат қилиниши керак бўлган субъект сифатида қаралган бўлса, бугун у иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий куч сифатида эътироф этиляпти.

Амалий жиҳатдан эса бир нечта муҳим ислоҳотларни ажратиб кўрсатган бўлардим. Биринчиси – валюта бозорининг эркинлаштирилиши. Бу бизнес учун жуда катта бурилиш бўлди. Валюта конвертацияси билан боғлиқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар бартараф этилди.

Иккинчиси – солиқ тизимининг соддалаштирилиши, солиқ ставкаларининг пасайтирилиши ва маъмуриятчиликнинг рақамлаштирилиши.

Учинчиси – лицензия ва рухсат бериш тартибларининг қисқартирилиши, давлат хизматларининг электрон шаклга ўтиши. Бу нафақат тадбиркорлик, балки барча соҳаларнинг ривожланиши, коррупция омилларининг бартараф қилиниши учун хизмат қиладиган муҳим ҳодиса.

Тўртинчиси – текширувлар тизимидаги ўзгаришлар. Тадбиркорлик субъекти фаолиятига асоссиз аралашувларни чеклаш бўйича катта ишлар қилинди. Аммо бу доимий ҳаракат, доимий ислоҳот ва ўз устида ишлаш билан боғлиқ жараён.

Яна бир муҳим жиҳат – хусусий мулк ва тадбиркор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи давлат сиёсатининг юқори даражасига кўтарилди. Албатта, баъзи ҳолатларда камчиликлар, ислоҳотларни тушунмаётган қуйи тизимдаги раҳбарлар ҳам учраб турибди, бироқ бу умумий мақсадга соя соладиган даражада, деб ўйламайман.

Лекин, мен учун энг катта ислоҳот – тадбиркорнинг овози эшитила бошлаганидир. Бугун бизнесдаги муаммони очиқ айтиш, уни давлат раҳбари даражасигача олиб чиқиш ва ечим талаб қилиш имконияти бор. Ҳар ҳафта Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилади. Очиқ мулоқот ҳақиқатдан ҳам очиқ ўтади. Ҳеч кимнинг овози бўғилмайди, олдиндан айтиладиган чиройли гаплар тайёрлаб олинмайди, муаммони айтадиган одамни даврадан чиқариб юборишмайди. Аксинча, ҳаммаси рўй-рост жонли эфирда узатиб борилади. Шунинг ўзи тадбиркорда гапириш имкони берилгани ва уни эшитадиган масъуллар борлигидан далолат.

Бизнеснинг муаммолари давлатнинг кун тартибида

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти , менимча, сўнгги йилларда шаклланган энг муҳим институтлардан бири.

Бу шунчаки тадбиркорларни йиғиб, улар учун ўтказиладиган тадбир, маросим эмас. Бу муаммоларни биргаликда ечиш, ютуқларни таҳлил қилиш, камчиликлар устида ишлаш ва вазифаларни бўлиб олиш учун майдон. Муҳими, очиқ мулоқотгача бизнесдан минглаб таклиф ва муаммолар йиғилади, улар ўрганилади ва натижада аниқ қарорлар қабул қилинади.

Тадбиркор билан давлат ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот пайдо бўлганини кўряпмиз. Илгари бир муаммони вазирлик ёки идораларга тушунтириш учун ойлаб, баъзан йиллаб вақт кетиши мумкин эди. Ҳозир тизимли муаммони юқори даражага олиб чиқиш механизми бор.

Биз ҳам турли йилларда солиқ, қишлоқ хўжалиги, экспорт, тадбиркорларни текшириш, дебиторлик қарздорлиги ва бошқа масалаларни кўтариб келганмиз. Уларнинг бир қисми бўйича қонунчилик ва амалиётда ўзгаришлар бўлди, айримлари эса ҳали ҳам муҳокама жараёнида.

Мен бу ерда бир нарсани муҳим деб биламан: очиқ мулоқотнинг самарасини фақат ўша куни қабул қилинган қарорлар билан ўлчамаслик керак. Энг катта натижа – бизнес муаммолари давлат иқтисодий сиёсатининг кун тартибига мунтазам равишда кириб бораётганида.

Тадбиркор таваккал қилишдан қўрқмайди, лекин...

Тадбиркорлик ҳеч қачон осон иш бўлмаган ва осон бўлмайди. Чунки, тадбиркорликнинг ўзи таваккал дегани. Лекин бошқа савол бор: давлат тадбиркорлик қилишни осонлаштирдими? Менимча, албатта, охирги йилларда анча осонлаштирди.

Бизнесни рўйхатдан ўтказиш, валюта операциялари, банк хизматлари, солиқ ҳисоботи, экспорт-импорт операциялари – кўп жараёнлар олдингига нисбатан анча соддалашди.

Аммо тадбиркорларда ҳали ҳам энг кўп етишмаётган нарса – барқарорлик ва олдиндан прогноз қила олиш имконияти.

Тадбиркор таваккал қилишдан қўрқмайди. Лекин у қоидаларнинг кутилмаганда ўзгаришидан қўрқади. Инвестор 5-10 йиллик режа қилаётганда солиқ сиёсати қандай бўлишини, божхона қоидалари қандай ишлашини, ер ёки инфратузилма бўйича шартлар ўзгармаслигини билиши керак.

Шунинг учун бугун бизнесга имтиёздан ҳам кўра, кўпроқ барқарор ва тушунарли қоидалар керак.

Кейинги қадам – адолатли рақобат муҳитини яратиш

Айтганимдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳар жиҳатдан ўзгарди. Айниқса, сўнгги олти йилда тадбиркорлар билан ўтказилаётган анъанавий мулоқот тадбиркорларни ҳам ўзгартирди. Давлат ва бизнес бир-бирига мослашишни, бир-бирининг корига ярашни ўрганди. Менимча, энди ислоҳотларнинг кейинги босқичи алоҳида имтиёзлар бериш эмас, балки барча учун бир хил ва адолатли рақобат муҳитини яратиш бўлиши керак.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини босқичма-босқич камайтириш зарур. Агар бир бозорда давлат компанияси ва хусусий бизнес рақобатлашаётган бўлса, улар учун шартлар тенг бўлиши шарт. Бу борада гап кетганда, шуни ҳам қўшимча қиламанки, назорат қилувчи органларнинг фалсафасини ҳам ўзгартириш керак.

Давлат органининг вазифаси фақат хато топиш ёки жазолаш эмас, қонун бузилишининг олдини олиш ва бизнесга қонун доирасида ишлашга ёрдам бериш ҳам бўлиши керак. Суд тизимида бизнес ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш зарур. Инвестор учун энг катта кафолат – имтиёз эмас, мустақил ва тез ишлайдиган суд тизими.

Ва, албатта, иқтисодиётни янада либераллаштириш, монополияларни қисқартириш, хусусийлаштиришни давом эттириш ҳамда давлатнинг бозорга маъмурий аралашувини минималлаштириш зарур.

Қишлоқ хўжалигида энг қиммат ресурс ер эмас, айнан сув бўлади

Мен асосан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ва экспорт соҳасида ишлаганим учун бу соҳаларда жуда катта трансформацияни кутяпман.

Биринчи катта тренд – сув танқислиги. Яқин йилларда қишлоқ хўжалигида энг қиммат ресурс ер эмас, айнан сув бўлиши мумкин. Шунинг учун сув тежовчи технологиялар, томчилатиб суғориш, ҳосилдорлиги юқори навлар ва замонавий агротехнологияларга ўтиш мажбуриятга айланади.

Иккинчи тренд – хомашё экспортидан тайёр ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот экспортига ўтиш. Биз мева-сабзавотни шунчаки етиштириб сотиш эмас, уни саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва бренд остида экспорт қилишимиз керак.

Учинчиси – технология. Сунъий интеллект, автоматлаштириш, дронлар, сенсорлар, аниқ деҳқончилик технологиялари қишлоқ хўжалигининг оддий қисмига айланади. Ким технологияга тезроқ ўтса, унинг таннархи паст ва рақобатбардошлиги юқори бўлади.

Тўртинчи масала – ташқи бозорларда рақобатнинг кучайиши. Ўзбекистон маҳсулоти фақат нарх билан рақобатлаша олмайди. Сифат, стандарт, сертификат, логистика ва етказиб бериш барқарорлиги бўйича ҳам рақобатлашишимиз керак.

Хавф-хатарлар эса – иқлим ўзгариши, сув ресурслари, логистика харажатлари, ташқи бозорлардаги протекционизм ва геосиёсий беқарорлик.

Шу билан бирга, мен бу жараёнларда Ўзбекистон учун катта имкониятни ҳам кўраман. Бизда ер, иқлим, меҳнат ресурслари, катта ички бозор ва Европа билан Осиё ўртасида қулай географик жойлашув бор.

Агар кейинги 3–5 йилда технология, сув самарадорлиги, қайта ишлаш ва экспорт логистикасига тўғри инвестиция кирита олсак, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги оддий аграр ишлаб чиқарувчидан юқори қўшилган қийматли озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи марказга айланиши мумкин.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг