Интерпол қидирувидаги ўзбекистонлик Мисрда ушланди

3-саҳифа

image

Товламачилик жиноятини содир этганликда айбланиб, Мисрда қўлга олинган шахс Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Интерполнинг Ўзбекистон ва Миср Миллий марказий бюролари ҳамкорлигидаги тезкор тадбирлар натижасида фирибгарлик содир этгани учун халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Миср ҳудудида аниқланиб, қўлга олинган.

Қоҳира ва Тошкент ўртасида тўғридан тўғри авиақатнов мавжуд эмаслиги сабабли уни олиб келиш йўналиши Россия Федерацияси орқали транзит тарзида ташкил этилган. Домодедово халқаро аэропорти орқали тўсиқсиз транзитни таъминлашда Россия Федерацияси Интерпол Миллий марказий бюроси ёрдам кўрсатган.

Экстрадиция қилинган шахс Ўзбекистон Республикасига олиб келингач, мамлакат қонунчилигига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортиш учун ваколатли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилган.

“Ўтказилган тадбирлар Интерпол йўналиши бўйича халқаро полиция ҳамкорлигининг юксак самарадорлигини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг содир этилган жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро қидирувда бўлган икки нафар шахс Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ўзбекистонлик Миср экстрадиция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг