Интернет Ортиқхўжаевнинг овозидан “портлади” – Хоҳласанг худога бор!
Жамият
−
22 Август 2019
39680Хорижий оммавий ахборот воситаларида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шикоятчи билан мулоқотда жазавага тушиб, унга "баклажка" улоқтиргани ҳақида хабарлар тақралди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 16 август куни ўндан ортиқ мирободлик шикоятчи ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев қабулига борган. Улар иккита тўққиз қаватли уй оралиғидаги болалар майдончаси ўрнида савдо мажмуаси қуриш ҳақидаги аввалги ҳоким қарорини бекор қилишни сўрашган. Бу шикоятчиларнинг ҳокимга учинчи мурожаати бўлган.
2018 йил октябрида фуқароларга ўзини улар томонида эканини таъкидлаган Жаҳонгир Ортиқхўжаев, 16 август кунги учрашувда, “тўнини тескари кийиб”, уларга бақир-чақир қилишга ўтган.
Тарқалган аудиоёзувда Ортиқхўжаевнинг шикоятчиларга “қаерга борсанг шу ерга бор, хоҳласанг Президентга, хоҳламасанг, Худога бор”, деганлари, столга "баклажка" билан қаттиқ уриб, ҳокимлик видеооператорларини хонадан ҳайдаб чиқаргани эшитилади.
QALAMPIR`га кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг мажлислар залида ўтган учрашувда шаҳар ҳокими Ортиқхўжаев билан бирга унинг биринчи ўринбосари, бошқа ўринбосарлари ва ëрдамчилари ҳамда Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатов иштирок этган.
15 нафар шикоятчи билан мулоқотнинг бошланиш қисми, қатнашчиларга кўра, ҳокимлик матбуот хизмати операторлари томонидан видеотасвирга ҳам олинган.
Ортиқхўжаев олдига учинчи марта келган аризачилар, ундан Миробод туман Нукус кўчасидаги 88-уй ва 1-Миробод тор кўчасидаги 5-уй оралиғидаги 60 метрлик бўш майдонни савдо мажмуаси қуриш учун хусусий тадбиркорга бериш қарорини бекор қилишни сўраган.
Аризачилар вакили ҳокимга 2017 йили ўшандаги шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов қарори билан автомобиллар тураргоҳи ва болалар майдончаси бўлган ернинг қурилишга берилганини шаҳарсозлик кодекси ва санитария талабларига зид эканини тушунтирган.
“Тўққиз қаватлик уйлар орасида камида 45 метр масофа бўлиши керак, бу қурилиш қилинса, орада фақат 20 метр жой қолади – бу қонунга хилоф. Болаларимиз қаерда ўйнайди, қариялар қаерга чиқиб нафас ростлайди? Бу ерни хусусий тадбиркорга бериш – ноқонуний. Уни ҳеч қандай аукционсиз ҳоким қарори билан сотиб юбориш эса, қонунни такрор бузишдир”, деган мазмунда гапиради аризачилар вакили.
Видеокамера қаршисида ҳоким мурожаатчилар вакилининг муаммога оид бу изоҳини бўлмасдан эшитган.
Бошланиши видеотасвирга олинган мулоқот, аризачилар Ортиқхўжаевдан Миробод туман ҳокими қарорини бекор қилишни қайта-қайта, айрим ҳолларда ялиниб сўраши ортидан, кутилмаганда бутунлай бошқа оҳангга кўчади.
Шикоятчиларнинг, “агар муаммони ҳал қилмасангиз, Президент қабулхонасига борамиз, болаларимизни олиб, митингга чиқамиз” дейиши ортидан, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кескин гапиришга ўтгани англашилади.
“Сиз у ëққа борасиз, улар яна қоғозни буëққа туширади. Мен судга “отвод” қилолмайман, менда қонунан бундай ваколат йўқ”, деган Ортиқхўжаев аҳоли вакилларига яна судга мурожаат қилишни тавсия қилади.