Инсонлар умрининг узайиш даври тугади – тадқиқот
Бу қизиқ
−
02 Сентябрь 13729 2 дақиқа
XX асрнинг биринчи ярмида қайд этилган умр давомийлигининг кескин ўсиши келажакда қайта такрорланиши даргумон. Висконсин-Мэдисон университетининг Макс Планк демографик тадқиқотлари институти ва Франция демографик тадқиқотлари институти олимлари шундай хулосага келди. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари “Proceedings of the National Academy of Sciences” (PNAS) журналида эълон қилинди.
Тадқиқотчилар юқори даромадли ва паст ўлим кўрсаткичларига эга 23 мамлакатдаги ўлим ҳақидаги маълумотларни ўрганган. Таҳлилга кўра, 1939 йилдан кейин туғилган авлодлар ўртача ҳисобда 100 ёшга етмайди. Агар XX асрнинг бошларида умр давомийлиги ҳар янги авлодда қарийб 5,5 ойга узайган бўлса, 1939 йилдан кейин бу ўсиш атиги 2,5-3,5 ойга тенг бўлган.
Муаллифларнинг сўзларига кўра, ўтмишдаги “ҳайратланарли ютуқлар” чақалоқлар ўлимининг кескин камайиши, тиббиётнинг ривожланиши ва турмуш шароитларининг яхшиланиши билан боғлиқ эди. Бугунги кунда болалар ўлими кўрсаткичи дунёда минимал даражага тушган, қарилик даврида умрни узайтириш эса худди шундай сакрашни таъминлай олмайди.
Шу билан бирга, олимлар башоратларни якуний, қатъий деб бўлмаслигини таъкидлаган. Инсон умрининг давомийлигига янги тиббий технологиялар, ижтимоий ўзгаришлар ёки пандемия каби кутилмаган ҳодисалар таъсир кўрсатиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар ҳаддан ташқари иссиқлик биологик қаришга сабаб бўлишини аниқлаганди. Тадқиқотга кўра, иссиқлик тўлқинлари инсон танаси учун спиртли ичимликларни қабул қилишдан анча зарарлироқ ва бу қисқа мудатда ўлим сонининг ошишига ҳам олиб келади. Масалан, жорий йилда Англияда биргина иссиқлик тўлқини пайтида 600 га яқин эрта ўлим аниқланган.
Live
Барчаси