Ифлос ҳаво мия фаолиятини ёмонлаштиради – тадқиқот

Бу қизиқ

image

Британия олимлари хона ичидаги ва ташқи муҳитдаги ифлос ҳаво ҳатто қисқа муддат таъсир қилганда ҳам нафас олиш тизими ва инсон мияси фаолиятига таъсир қилишини аниқлади. Бу ҳақда “npj Clean Air” журнали эълон қилган тадқиқотида гап боради.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳаводаги зарарли аралашмалар инсон мияси ишини атиги бир соат ичида ўзгартириши мумкин. Тадқиқотнинг етакчи муаллифи, Бирмингем университети олими Томас Фаэртининг айтишича, клиник тадқиқот ифлос ҳаво деменция хавфини оширишини аниқлашга ёрдам берган.

Тажрибада ёши 50 дан ошган 15 нафар кўнгилли иштирок этган. Улар навбат билан махсус изоляцияланган хонага жойлаштирилиб, бир соат давомида махсус ниқоб орқали беш хил ҳаво аралашмасидан нафас олган. Олимлар мутлақо тоза ҳаво, ёғоч тутуни, дизель чиқиндилари, ошхона чиқиндилари ҳамда маиший тозалаш вақтида ажраладиган лимон аэрозолининг инсон организмига таъсирини ўрганган.

Иштирокчилар ўпкаси ҳолати ва мия фаолияти ҳар бир жараёндан олдин ва кейин когнитив тестлар орқали баҳоланган. Натижаларга кўра, заҳарли ҳаво ҳатто бир соат ичида организмга турлича таъсир қилган. Масалан, ёғоч тутуни ва маиший кимёвий воситалардан чиққан лимон ҳиди билан нафас олгандан кейин иштирокчиларда нафас олиш кўрсаткичлари бироз ёмонлашган. Бу ўзгаришлар хавфли даражага етмаган, аммо олимлар ўпканинг шунчалик тез жавоб берганидан ҳайратланган.

Энг қизиқарли ўзгаришлар эса мия фаолиятида кузатилган. Дизель чиқиндилари ва ёғоч тутунидан нафас олгандан кейин иштирокчилар оддий реакция тестларида тезроқ жавоб берган, аммо диққат жамлаш ва юзларни таниш каби вазифаларни ёмонроқ бажарган. Олимлар фикрича, бундай натижа атиги 60 дақиқалик таъсирдан кейин кузатилганини ҳисобга олганда, узоқ муддатли таъсир мия саломатлиги учун янада жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Тадқиқот муаллифлари аҳолини кексаликдаги ақлий заифликдан ҳимоя қилиш учун экологик сиёсатни қайта кўриб чиқишга чақирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сунъий интеллект мия касалликларини даволаш учун дори топишни тезлаштириши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Унда олимлар СИ алгоритмлари ёрдамида касаллик белгиларидаги ўзгаришларни аниқлаб, мос дориларни олдиндан тахмин қилиш орқали самарали даволаш усулларини “ўн йиллар эмас, балки бир неча йил ичида” топиш мумкинлигини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

мия тадқиқот Ифлос ҳаво

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг